
Суперлигада 2025 йилги мавсум ўз якунига яқинлашар экан, мамлакат футбол жамоатчилиги яна бир бор энг муносиб номзодларни танлаш босқичига кирди. Мавсум давомида ўйин сифати, индивидуал маҳорат, тактик ўсиш ва интизом бўйича яққол ажралиб турган футболчи ва мураббийлар учун анъанавий мукофотлар тақдим этилади.
Лига бу йил ҳам янги руҳда, юқори даража ва шаффофлик асосида ўтган чемпионатнинг энг муносиб иштирокчиларини эълон қилишга тайёрланмоқда. Бу жараён нафақат клублар, балки барча мухлислар учун ҳам қизиқ, чунки ҳар бир номинация ортида бутун мавсумнинг меҳнати, қийин паллалар ва муҳим бурилиш лаҳзалари ётади.
Бу йил қуйидаги 9 номинация бўйича ғолиблар аниқланади:
Йил футболчиси – бутун мавсум давомида энг барқарор ва таъсирли ўйин кўрсатган футболчи.
Йил мураббийи – жамоаси натижаларини сезиларли даражада яхшилаган, тактик ғалабалар ва ўсишга эришган мураббий.
Йил жавоҳири – ёш, иқтидорли ва “келажиёт юлдузи” деб баҳоланаётган футболчи.
Йил кашфиёти – йил давомида кутилмаганда ўзини намоён қилган янги юлдуз.
Йил голи – эстетика, қийинлик даражаси ва аҳамияти жиҳатидан энг таъсирли гол.
Йил легионери – чемпионатда ўйнаётган хорижликлар ичида энг юқори даражада ҳаракат қилган футболчи.
Йил стадиони – инфратузилма, мухлисларга қулайлик ва атмосфераси билан ажралиб турган арена.
Йил ҳаками – адолатли ва барқарор ишлаган, оғир қарорларни бекаму-кўст қабул қилган ҳакам.
Fair Play – интизом, ҳурмат ва спорт ахлоқига амал қилган жамоа ёки футболчи.

Бу йилги мукофотлар орасида яна бир муҳим янгилик – Лига тарихида илк бор Ёшлар рамзий терма жамоаси тузилади. Мазкур жамоа мавсум давомида ўзининг жонкуяр ўйини, ғайратли ҳаракатлари ва суперлигага тез мослаша олган ёш футболчилардан шакллантирилади. Унинг жорий этилиши маҳаллий футболдаги янги авлодга бўлган эътибор ва ишончнинг яна бир исботидир.
Мавсум якунланмоқда, аммо баҳолар, таассуротлар ва қарорлар энди бошланяпти. Ким “йил футболчиси” бўлади? Қайси мураббий тажриба ва маҳоратини исботлайди? Қайси ёш юлдуз барча эътиборни ўзига қаратиб, келажакда терма жамоа учун асосий номзодга айланади?
Бу саволларга жавоблар яқин кунларда маълум бўлади. Бир нарса аниқ: 2025 йилги мавсум ўз драматизми, рақобати ва талантини намоён қилган футболчилар билан тарихда қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.