
АПЛнинг 12-турида «Манчестер Сити» сафарда «Ньюкасл»га таслим бўлди, шу ўйиндан сўнг Пеп Гвардиола одатдагидек вазиятни хотиржам ва таҳлилли тарзда изоҳлади. Унинг таъкидлашича, жамоа ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда майдонда бор кучини ишлатди, аммо халқаро танаффусдан кейин ўйин темпини тўлиқ тиклаш осон кечмайди.
Мутахассисга кўра, ўйин юқори суръатларда ўтган ва ҳар икки жамоа ҳам принципиал дақиқаларда гол уриш имкониятларига эга бўлган. Бироқ «Сити» қатор вазиятлардан фойдаланиб кета олмади — бунда рақиб ҳимоясининг қаттиқлиги ва марказдаги кескинлик ҳам таъсир кўрсатди.
Гвардиола айниқса дарвозабон Жанлуижи Доннаруммани алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, италиялик посбон жамоани бир неча бор аниқ голдан сақлаб қолган ва ўйиндаги энг муҳим қутқарувлар айнан унга тегишли бўлган.
«Иккинчи бўлимда вазиятларимиз кўп бўлди, аммо уларни голга айлантира олмадик. Бундай пайтда футбол қонун-қоидаси ишга тушади — сен ишлата олмаган имкониятни рақиб ишлата олади. Ҳудди шу нарса содир бўлди», — деди Пеп.
Мағлубиятга қарамасдан, мураббий мавсум олдида катта йўл турганини айтиб, жамоага ишонишини таъкидлади. «Сити» ҳозир 22 очко билан 3-ўринни эгаллаб турган бўлса, «Ньюкасл Юнайтед» 15 очко билан 14-поғонада бормоқда.
Гвардиоланинг фикрича, бу натижа жамоанинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилмайди — аксинча, кейинги ўйинларга янада жиддий тайёргарликка чорлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.