
Ҳиндистоннинг мафтункор Гоа шаҳрида ақл-идрок жанглари — шахмат бўйича 2025 йилги Жаҳон кубоги (FIDE World Cup 2025) ўз авжига чиқди. Ушбу мусобақа нафақат ғолибни аниқлаши, балки келажакдаги шахмат қиролини белгилаш йўлидаги муҳим босқич эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Тарихий ўзбек дербиси
Мусобақанинг ярим финал босқичи ўзбек спорти ихлосмандлари учун ҳам қувончли, ҳам ҳаяжонли кечди. Сабаби, финал остонасида икки истеъдодли ҳамюртимиз — Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев ўзаро рўбарў келишди.
Ўта муросасиз ва кескин курашларга бой ўтган «биродарлар тўқнашуви»да Жавоҳир Синдаров 2,5:1,5 ҳисобида қийин ғалабани қўлга киритди. Бу ғалаба нафақат финал йўлланмаси, балки ўзбек шахмати тарихида илк бор Жаҳон шахмат тожига даъвогарлар турнирига йўлланмани ҳам тақдим этди.
Энди Жавоҳир ҳал қилувчи финал баҳсида хитойлик кучли гроссмейстер Вэй И билан бош соврин учун куч синашади.
Нодирбекда ҳам имконият бор
Ярим финалда имкониятни бой берган Нодирбек Ёқуббоев учун ҳам ҳаммаси тугагани йўқ. У учинчи ўрин ва муҳим йўлланма учун нейтрал байроқ остида қатнашаётган Андрей Есипенкога қарши дона суради. Агар ҳамюртимиз ғалаба қозонса, у ҳам Даъвогарлар турнири иштирокчисига айланади.
Даъвогарлар турнири: Кипр чорламоқда
Маълумот ўрнида, 2026 йилги Шахмат тожига даъвогарлар турнири 28 мартдан 16 апрелга қадар қуёшли Кипрда бўлиб ўтади. Унда сайёрамизнинг энг кучли 8 нафар зиёлиси ғолиблик учун курашади.
Ҳозиргача йўлланмани нақд қилганлар рўйхати:
Фабиано Каруана (АҚШ);
Аниш Гири (Нидерландия);
Маттиас Блюбаум (Германия);
Хикару Накамура (АҚШ);
Жавоҳир Синдаров (Ўзбекистон);
Ван И (Хитой).
Энг муҳими — ушбу нуфузли даъвогарлар турнири ғолиби жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан тахт учун ҳал қилувчи баҳсга чиқади. Шундай экан, Синдаров олдидаги йўл катта, масъулиятли ва, энг муҳими, тарихий.
Ўзбек шахмати яна бир қадам олдинга ташлади — энди бутун дунё гроссмейстерлар оламида бизнинг исмлар янада баланд товланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.