
"Байер" клуби яримҳимоячиси Алеиш Гарсия бугунги рақиби "Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола билан 2016/17 йилги мавсумда бирга ишлаган даври ҳақида ўз таассуротларини ўртоқлашди. Бу интервью жамоаларнинг ЕЧЛ доирасидаги учрашуви арафасида эълон қилинди.
Ҳар ўйинга алоҳида ечим
Испаниялик футболчи мураббийнинг тактик даҳосидан ҳайратланганини яширмади. Унинг сўзларига кўра, Пепнинг энг ҳайратланарли жиҳати – ҳар бир ўйин учун бутунлай бошқача тактик ечимлар тайёрлаганидадир. "У рақибнинг прессинги ва ҳимоя қурилишига қараб, футболчиларга турлича тушунтиришлар бера оларди. Пеп ҳар бир нарсанинг идеал бўлишини истайди — бу унинг ютуқларнинг асосий омили", — деди Гарсия.
Ошуфталик ва доимий ўрганиш
Гвардиола футболга бениҳоят берилган инсон сифатида таърифланди. "Ҳар куни ундан янги маълумот олардик. Унинг жамоасида ёки ўрганишга интиласиз, ёки ортда қолиб кетиш мумкин эди," — деб эслади собиқ шогирд.
Алеиш Гарсия Гвардиолани "Манчестер Сити" афсонаси деб атади ва у билан голф турнирларида учрашиб туришини, у билан вақт ўтказиш ҳар доим ёқимли эканини қўшимча қилди. Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Сити" ва "Байер" ўртасидаги учрашув бугун тунда, Тошкент вақти билан 01:00да старт олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.