21:34 / 29.01.2017
6 098

Ғойибназаров Расселлни эзғилаганини дунё кўрганди, аммо...

Ғойибназаров Расселлни эзғилаганини дунё кўрганди, аммо...

Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) куни кеча берган расмий баёнотида, бу ташкилотнинг собиқ раҳбарлари Рио-2016 Олимпиадаси бокс турнири натижаларига таъсир ўтказишгани билдирилди ва махсус текширув комиссияси хулосасига кўра бир қатор кадрлар алмашинуви амалга оширилгани, AIBAнинг Олимпиададаги “топ”-ҳакамларининг барчаси мусобақалардан четлатилгани маълум қилинди, деб хабар беради "Водиймедиа" сайти.
Энди, бир бошдан эсга олайлик, Рио Олимпиадаси натижаларининг эсда қоларли жиҳати нимадан иборат бўлганди: Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 2 кумуш, 2 бронза медал билан жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, АҚШ терма жамоаси 1 олтин, 1 кумуш, 1 бронза билан 6-ўринни эгаллаганди.
Айнан шу ҳолатни америкаликлар ўзларига “едиролмадилар”. Уларнинг ўша пайтдаги президент номзоди Дональд Трамп “бу Ўзбекистон деган террорист-давлат ўзи қаерда?” деб турган кунларда Ҳасанбой Дўсматов ярим финалда америкаликларнинг энг ишонган боксчиси, олимпиада олтин медали умиди – Нико Фернандезни рингда пийпалаб ташлаганди. Фазлиддин Ғойибназаров эса чорак финалда Гэри Расселлни шундай эзғилагандики, булар Трампнинг аҳмоқона гаплари учун жавоб бўлганди.
Фазлиддин Ғойибназаров савалаган АҚШлик Гэри Расселлнинг тренери Билли Уолшнинг мағлубиятдан сўнг қилган баёнотини эслаймиз: “Ўзбекистон жамоаси олимпиадада энг яхши натижага эришади, чунки бошқаси уларни енгса ҳам ғалабани унга беришмайди”(!)
Ортидан унинг ёрдамчиси Кэй Корома қўшимча қилганди: “Халқаро бокс ассоциацияси кимнинг совриндор бўлишини олдиндан белгилаб бўлибди…”
Исмини айтмаган бир олимпиада чемпиони боксчи (!) эса дарров қилиниши керак бўлган ислоҳотни ҳам айтиб ўтганди. Бу чемпион-Икс, Халқаро бокс ассоциацияси президентини ва бутун бошқарув аъзоларини ишдан олиб ташланса, ҳакамлик муаммоси ечим топади, деб фикр билдирганди…
Ўзбекистон боксчилари Риода рингда қаршисига чиққан исталган рақибни нокаут билан, ҳеч бўлмаганда мутлақ устунлик билан енгиб келаётганини дунё кўриб турган бир пайтда, рингга қулаган рақиблар ҳам оёққа туриб, ҳамюртларимизни қутлаган мусобақада бундай бемаъниликнинг кун тартибига айлантиришга уринилгани таажжублантирганди очиғи...
Мана, бугун ўша гаплар такрор ўртага чиқди. Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг баёноти ҳақида хабар қилган манбаларнинг кўпи ўша Гэри Расселни эслатиб ўтмоқда, баъзилари эса айнан Ғойибназаров-Рассел учрашуви расмини хабарга жойлашибди...
Бокс – эркак одамнинг спорти! Тўғри, аёллар бокси ҳам пайдо бўлди, лекин Расселл қатнашган мусобақа эркаклар ўртасида бўлиб ўтганди. Шундай экан, мағлубиятни эркакча тан олишни ўргатиш керак экан баъзиларга.
Америкаликлар спортни сиёсатга қўшиб юборишганига кўп бўлди. АҚШнинг спорти манфаати учун кимнидир муайян спорт тури бўйича халқаро федерация раҳбарлигидан турли уйдирма айбловлар билан четлатиш, қайсидир мамлакат спортчиларини мусобақада қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш кабилар одат тусига кирди. Лекин ҳар доим ҳам кўзлаган мақсадларига эриша олмаяптилар. Уларни ғолиб бўлиши “шартлиги”ни қабул қилмайдиганлар чиқиб қоляпти.
Шуни билсинларки, Ўзбекистон – алп эркаклар юрти! Бокс эса, – бирма-бир курашда ким кучли эканини яққол кўрсатадиган спорт тури.
Шундай экан, Халқаро боксга ким мутасадди бўлади, ҳакамликни ким олиб боради, фарқи йўқ, Ўзбекистон Ҳасанбойлари, Фазлиддинлари, Шаҳобиддинлари ва бошқа ринг арслонлари АҚШлик Расселлларни, Эрнандезларни, Варгасларни ва бошқа енгилганини тан ололмайдиган жўжахўрозларни енгаверади!
Эркак бўлган мағлубликни тан олади. Мағлубликни тан олишни билмаганлар эса Муҳаммад Алининг қизи билан беллашсин!

Дилмурод Жумабоев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ғойибназаров Расселлни эзғилаганини дунё кўрганди, аммо...