
Австрия миллий терма жамоаси бош мураббийи Ральф Рангник жаҳон чемпионати қуръаси натижалари юзасидан ўз фикрларини билдирди. Унинг жамоаси J гуруҳига тушди ва у ерда Аргентина, Жазоир ва Иордания билан беллашади.
"Менимча, бу ҳақиқатан ҳам ҳаяжонли қуръа. Европа жамоалари билан учрашмаслигимизни яхши томони деб биламан.
Шунингдек, сўнгги йилларда учрашмаган рақиблар билан ўйнашимиз ҳам ижобий ҳолат. Турнирни 16 июнда бошлашимиз эса мослашиш учун вақт беради", — дея мураббийнинг сўзларини келтиради crone.at.
Мутахассиснинг таъкидлашича, улар скаутлар бўлимидан аллақачон айрим маълумотларни олишган ва энди ўртоқлик учрашувлари учун тўғри рақибларни танлашга ҳаракат қилишади. "Биз бу турнирни интиқлик билан кутяпмиз.
Бутун мамлакат футбол шукуҳига чўмган ва мусобақанинг бошланишини сабрсизлик билан кутмоқда. Кейин нима бўлади?
Биз бориб яшаш жойларини ўрганамиз", — деди Рангник. Шу билан бирга, у қуръа маросимидан тўлиқ қониқмаганини ҳам таъкидлади.
"Бир соат давомида футбол ҳақида эмас, бошқа мавзулар ҳақида гапирилди. Аммо умуман олганда бу яхши ташкил этилган шоу бўлди", — дея қўшимча қилди мураббий.
Ҳозирда Австрия ФИФА рейтингидан 23-ўринни эгаллаб турибди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.