Бир куртка учун 8,5 миллион доллар: Майкл Жексон буюмлари савдода!

Америкалик афсонавий хонанда Майкл Жексонга тегишли 100 дан ортиқ шахсий буюм аукцион савдосига қўйилди. Улар орасида санъаткорнинг саҳна либослари, мусиқий клипларда кийган кийимлари, турли аксессуарлари ҳамда 1986 йилда қўлга киритган “American Music Awards” мукофоти ҳам бор.
BAKU.WS нашрининг аукцион ташкилотчиси — “Julien’s Auctions” расмий сайтидаги маълумотларга таяниб хабар беришича, савдога қўйилган буюмлар орасида энг катта қизиқиш уйғотгани “Thriller” клипида Майкл Жексон кийган қизил чарм куртка бўлмоқда. 1983 йилда суратга олинган ушбу клипдаги машҳур либос учун билдирилган таклифлар қиймати 8,5 миллион долларга етган.
Хонанданинг “American Music Awards” мукофоти ҳам харидорлар эътиборини тортган. Унга 30 дан ортиқ таклиф келиб тушган бўлиб, сўнгги билдирилган нарх 7 минг долларни ташкил этмоқда.
Жами 110 та лот савдога чиқарилган. Уларнинг асосий қисмини Майкл Жексоннинг концертларда кийган либослари, видеоклипларда фойдаланган буюмлари ва шахсий аксессуарлари ташкил этади.
Аукцион 7–9 декабрь кунлари Абу-Дабида ўтказиладиган “Julien’s Celebrity & Pop Culture Experience” тадбири доирасида ташкил этилмоқда.
Маълумот учун, Майкл Жексон фаолияти давомида 13 маротаба “Grammy” мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, у 1993 йилда “Афсона” фахрий мукофотини, 2010 йилда эса вафотидан сўнг “Умр бўйи эришилган ютуқлар учун” мукофотини олган. Хонанданинг альбомлари ва мусиқий ёзувлари дунё бўйлаб 1 миллиард нусхадан ортиқ сотилган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…