date

Аброр Жўрақулов: Ўзбекистон гуруҳда кураша олади, ишонч бор

Аброр Жўрақулов: Ўзбекистон гуруҳда кураша олади, ишонч бор

Навбатдаги Жаҳон чемпионати учун қуръа ташланди ва Ўзбекистон терма жамоаси “К” гуруҳидан жой олди. Биз Португалия, Колумбия ҳамда Конго/Ямайка/Янги Каледония учлигидан келадиган рақиб билан тўқнашамиз. Қуръа жараёнидан сўнг футбол мухлислари ва экспертлар ўртасида қизғин муҳокамалар бошланди. Sports.uz сайтига таниқли шарҳловчи Аброр Жўрақулов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Унинг таъкидлашича, гуруҳни “жуда енгил” ёки “жуда оғир” деб аниқ баҳолаш тўғри эмас.

“Бу қуръа ниҳоятда омадли ҳам, омадсиз ҳам эмас. Масалан, Франция ва Сенегал тўпланган гуруҳни олсак, у ерда вазият анча оғирроқ бўлиши мумкин эди. Нима бўлганда ҳам, Жаҳон чемпионатида ҳар қандай рақибга қарши тайёр туриш зарур. Қийин-осон деган тушунчага ўрнашиб қолмаслик керак, тақдир бизга қайси гуруҳни берган бўлса, шу билан ишлашимиз шарт”, — дейди Жўрақулов.

Қайси рақибдан очко олиш мумкин?

Таниқли шарҳловчига кўра, Португалияга қарши учрашув мураккаб ўтади, аммо Колумбия билан ўйинда имконият бор:

“Португалияга қарши беллашув осон кечмайди. Лекин Колумбияга қарши ўйинда очко олиш имкони анча реал. Миср билан баҳсдан олдин ҳам деярли ҳеч ким биздан ғалаба кутмаганди, аммо жамоа ўзини кўрсатди. “Биринчи марта қатнашяпмиз” деган фикр футболчиларнинг онгига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Аксинча, “Биз кучли жамоамиз” деган ишончни мустаҳкамлаш вақти келди”.

Агар гуруҳдан чиқа олмасак…

Аброр Жўрақулов бу эҳтимолни ҳам реал қабул қилиш кераклигини айтади:

“Албатта, плей-оффга чиқишини истайман. Агар чиқолмасак, табиийки, бироз хафа бўламан. Лекин буни фожеа сифатида қабул қилмайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам айбни аввало ўзимиздан излашимиз керак”.

Жўрақуловнинг фикрларидан кўриниб турибдики, мутахассиснинг ишончи баланд, аммо у ҳамон реалистик ёндашувни сақлаб турибди. Ўзбекистон термаси илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади, лекин бу факт қўрқув эмас, янги тарих ёзиш учун рағбат бўлиши керак. Мухлислар эса бир нарсага ишониши мумкин — жамоа ҳар бир ўйинда ўз сўзини айтишга ҳаракат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Аброр Жўрақулов: Ўзбекистон гуруҳда кураша олади, ишонч бор