date

Ҳусановга яна имконият? "Сити" ҳимоясида вазият кескин ўзгармоқда...

Ҳусановга яна имконият? "Сити" ҳимоясида вазият кескин ўзгармоқда...

“Манчестер Сити” сафида тўп суриб келаётган ўзбекистонлик марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов учун сўнгги ҳафталар анча оғир кечмоқда. Мавсум бошланишида ўзига хос универсаллик кўрсатиб, ўнг қанот ҳимоясида муваффақиятли ўйин намойиш этган 21 ёшли легионеримиз кузда олинган икки кутилмаган шикастлар туфайли асосий таркибдаги мавқеини йўқотди.

Аввалига бир неча ҳафталик тикланиш етарли бўлади, деб кўрилганди. Бироқ иккинчи жароҳат даволаниши узоққа чўзилиб, натижада Абдуқодир яна захирада қолиб кетди. Бу вақт ичида эса мураббийлар штаби унга ишониб берилган позицияларни бошқа футболчиларга топширишга мажбур бўлди.

Ҳозирда “Сити” ўнг қанот ҳимоясини Матеуш Нуньешга ишониб топширмоқда. Гарчи португалиялик ўйинчи айрим учрашувларда жамоани қийин аҳволга солган хатоларга йўл қўйган бўлса ҳам, Пеп Гвардиоланинг қарорлари ҳозирча ўзгармади.

Марказда эса Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолдан иборат тандем барқарор ва ишончли ўйин намойиш этмоқда. Уларнинг ўзаро келишган ҳаракатлари ҳимояни янада мустаҳкамлаётгани сир эмас. Бу позицияда яна бир номзод — Англия терма жамоаси ўйинчиси Жон Стоунз бор эди, аммо у яна бир бор жароҳат олиб, рўйхатдан узоқ муддатга чиқарилиши мумкин.

Пеп Гвардиола матбуот анжуманида шундай деди:
— Жон Стоунз яна шикастланди. У қай вақт тикланиши ҳозирча номаълум. Қўшимча тиббий текширувлардан кейин аниқ муддат айтаман».

Стоунзнинг бу мавсумдаги навбатдаги жароҳати хурсандчиликка сабаб бўлмаса-да, бу ҳолат Абдуқодир Ҳусанов учун янги имконият эшигини очиши мумкин. Чунки ўнг қанотда ҳам, марказда ҳам ишончли ҳаракат қила оладиган легионеримиз Гвардиоланинг тактик режасида универсал ўйинчи сифатида жуда қўл келади.

Ҳусановнинг асосий позицияси — марказ. Айни зарурат туғилганда у Йошко Гвардиол ёки Рубен Диашнинг вазифасини бемалол бажара олади. Агар жамоага тезкорлик ва фаол прессинг керак бўлса, ўзбек футболчисининг ўнг қанотдаги устунликлари ҳам мураббийлар томонидан инобатга олиниши кутилмоқда.

Ҳозирги вазиятда Гвардиола қўл остидаги ҳар бир универсал ўйинчига катта баҳо беради. Шу боис, Абдуқодир учун янги имкониятлар яқиндек. Мураббийлар штаби унинг формаси тикланиши билан яна майдон маркази ёки қанотда синаб кўриши эҳтимоли жуда юқори.

Ўзбек футболи мухлислари эса ҳимоячимиз яна бир бор ўз салоҳиятини намойиш этиб, “Сити”дек улкан жамоада барқарор ўйинчига айланишини интизорлик билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановга яна имконият? "Сити" ҳимоясида вазият кескин ўзгармоқда...