
Европа Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи — 6-тур қаршилиги олдидан «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиола Мадриднинг «Реал» клубига қарши ўтадиган ўйин ҳақида ўз фикрларини баён қилди. Каталониялик мутахассис жамоа тарихи, ўтмиш юлдузлари ва ҳозирги авлоднинг масъулияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Гвардиоланинг таъкидлашича, сўнгги ўн йилликда «Сити» тарихида қолган буюк футболчилар — Кевин Де Брюйне, Кайл Уокер, Илкай Гундўған, Жон Стоунз каби етакчилар бу сафар жамоа сафида эмас. Аммо бу ҳолат унга ҳозирги таркибга нисбатан ишончни камайтирмайди. Аксинча, устоз янги авлод ўйинчиларининг ўша юлдузлар каби ҳиссиётни, жонкуярликни ва масъулиятни ўзида намоён қилишга ҳақиқий муҳтож эканини айтиб ўтди.
«Бизда янги футболчилар кўп. Улар ҳам ўша катта номлар қилган ишларни такрорлашни, ҳатто улар даражасига етишни исташади. Мана шундай ўйинлар — сизнинг кимлигингизни кўрсатадиган майдон. ‘Бернабеу’ эса ўзингизни намоён қилиш учун энг яхши саҳна», — дея Гвардиоланинг сўзларини жамоа матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида келтирди.
Катта босим, катта интрига ва катта имтиҳон — бу кеча айнан шу руҳда ўтиши кутилмоқда. «Сантяго Бернабеу»да тўқнашадиган икки гранднинг баҳси ҳамиша эмоцияга бой, тактик жангларга тўла ва прогноз қилиш мушкул бўлиб келган.
Маълумот учун, ушбу учрашув бугун, 10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 01:00 да Мадриддаги машҳур «Сантяго Бернабеу» стадионида старт олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.