date

Бенземанинг келажаги қизиқиш уйғотди: “Ал Иттиҳод”да ноаниқлик...

Бенземанинг келажаги қизиқиш уйғотди: “Ал Иттиҳод”да ноаниқлик...

Саудия Арабистонининг “Ал Иттиҳод” жамоаси сафида тўп суриб келаётган 37 ёшли тажрибали ҳужумчи Карим Бенземанинг шартномаси борасида янги маълумотлар пайдо бўлди. Footmercato нашри тарқатган хабарга кўра, клуб билан амалдаги шартнома 2026 йил июнигача амал қилишига қарамай, уни узайтириш масаласида ҳозирча аниқлик йўқ.

Манбаларнинг таъкидлашича, Бензема ҳақида тарқаган “шартнома узайтирилади” деган миш-мишлар асосга эга эмас — футболчи ҳали клубдан расмий таклиф қабул қилмаган. Шунга қарамай, нафақат Саудияда, балки Европада ҳам унинг келажаги атрофида қизиқиш ошиб бормоқда.

Франциялик ҳужумчи жорий мавсумда ҳам юқори самарадорлигини сақлаб қолмоқда: барча мусобақаларда 12 та ўйинда майдонга тушиб, жами 11 та гол муаллифига айланди. 2023 йилда “Реал Мадрид” билан муносабатлар ниҳоясига етганидан сўнг, Бензема “Ал Иттиҳод”га эркин агент сифатида қўшилганди ва қисқа фурсат ичида жамоа ҳужумида етакчи ўринни эгаллади.

Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳужумчининг амалдаги бозор қиймати 7 миллион еврони ташкил этади. Унинг ёшига қарамай, бундай кўрсаткич ҳали ҳам юқори даражадаги талаб ва тажрибани акс эттиради.

Ҳозирча Бенземанинг клубда қолиш-қолмаслиги бўйича охирги қарор қабул қилинмаган. Саудия клуби ҳам, футболчининг ўзи ҳам бу масалада шошмаяпти. Шу боис, тажрибали форварднинг келгуси мавсумда қаерда тўп суриши футбол жамоатчилиги учун ҳануз қизиқ мавзу бўлиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Бенземанинг келажаги қизиқиш уйғотди: “Ал Иттиҳод”да ноаниқлик...