
Италиянинг «Интер» жамоаси сардори Лаутаро Мартинес фаолиятини Испания чемпионатида давом эттириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Хусусан, аргентиналик ҳужумчининг диққат марказида «Барселона» варианти тургани ҳақида El Nacional нашри хабар тарқатди.
Манбага кўра, Мартинес ўзини каталонияликлар сафидаги тажрибали форвард Роберт Левандовскининг узоқ муддатли ўринбосари сифатида тасаввур қилмоқда. Маълумки, польшалик ҳужумчининг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнь куни якунланади ва клуб раҳбарияти 37 ёшли футболчи билан янги битим тузмаслиги мумкин.
Жорий мавсумда Левандовски барча мусобақаларда 16 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол ва 1 та голли узатма муаллифи бўлди. Бироқ ёш омили ва клубнинг келажакка қаратилган режалари унинг ўрнини босадиган янги етакчи ҳужумчи қидиришга мажбур қилаётгани айтилмоқда.
Лаутаро Мартинес эса ҳозирги пайтда юқори спорт формасида. «Интер» етакчиси бу мавсум 19 та ўйинда иштирок этиб, 11 та гол ва 2 та голли узатма билан жамоасининг асосий таянчига айланди. Унинг ҳаракатлари нафақат Италияда, балки Европанинг бир қатор гранд клублари диққатини жалб қилмоқда.
Шу билан бирга, Мартинеснинг миланликлар билан шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Бу эса эҳтимолий трансфер музокаралари осон кечмаслигини англатади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, аргентиналик ҳужумчининг бозор қиймати 85 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар «Барселона» ҳақиқатан ҳам Лаутарони ўз сафида кўришни истаса, клуб молиявий ва стратегик жиҳатдан жиддий қарор қабул қилишига тўғри келади. Мухлислар эса бу эҳтимолий трансфер каталонияликлар ҳужумига янги нафас олиб киришига умид қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.