U-23 Осиё кубоги олдидан Ўзбекистоннинг шонли тарихи

2026 йилнинг январь ойида Саудия Арабистонида U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги старт олади. Қитъанинг энг кучли ёшлар жамоалари иштирок этадиган мазкур мусобақа олдидан Ўзбекистон U-23 терма жамоаси тайёргарлик ишларини жадал суръатларда олиб бормоқда. Айни пайтда Равшан Ҳайдаров шогирдлари Миллий футбол марказида йиғин ўтказиб, муҳим беллашувларга пухта ҳозирлик кўряпти.
Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) расмий саҳифасида эса мусобақа арафасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг аввалги Осиё кубокларидаги иштироки ва натижалари яна бир бор ёдга олинди. Қайд этилишича, вакилларимиз сўнгги йилларда қитъа миқёсида энг барқарор жамоалардан бири сифатида тан олинган.
Хусусан, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси:
— 2018 йилги Осиё кубогида чемпионликни қўлга киритган;
— 2022 йилда мусобақани кумуш медаль билан якунлаган;
— 2024 йилда ҳам финалгача етиб бориб, иккинчи ўринни эгаллаган.
Бу натижалар ёшлар футболида яратилган тизим, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг меҳнати самараси эканини яққол кўрсатиб турибди. Эндиликда жамоа ушбу анъанани давом эттириш ва яна бир бор Осиё аренасида ўз сўзини айтишни мақсад қилган.
Маълумот ўрнида, жорий мусобақада Ўзбекистон U-23 терма жамоаси «C» гуруҳидан жой олган. Вакилларимиз гуруҳ босқичида Эрон, Жанубий Корея ҳамда Ливан терма жамоаларига қарши куч синашади. Бу эса ҳар бир учрашув юқори савияда ва кескин рақобат остида ўтишини англатади.
Осиё кубоги олдидан мухлисларимиз яна бир бор ёшларимиздан катта натижалар кутишмоқда. Илгари қўлга киритилган ютуқлар эса жамоага ишонч ва руҳий устунлик бағишлаши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!