
Манчестерда «Манчестер Сити» атрофида сиёсий тус олган кичик можаро юзага келди. Daily Mail хабарига кўра, клуб раҳбарияти 2 октябрь куни шаҳардаги синагогалардан бирида содир бўлган, маҳаллий яҳудий жамоаси «теракт» деб баҳолаётган ҳужум юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
«Манчестер Юнайтед» жабрланганларга ҳамдардлик изҳор этиб, ҳодисани қоралаган бир пайтда, «Манчестер Сити»дан эса ҳеч қандай баёнот янграмагани таъкидланмоқда. Танқидлар бош мураббий Хосеп Гвардиолага ҳам қаратилди.
Яҳудий ташкилотининг клуб манзилига йўллаган мактубида Гвардиола ҳам, клуб ҳам қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатлик билдирувчи бирор сўз айтмагани қайд этилиб, бу «Этихад» стадиони яқинида рўй берган воқеа қурбонларига нисбатан ҳамдардлик йўқлигидан дарак бериши айтилган. Шунингдек, мактубда Гвардиоланинг Яқин Шарқдаги можаро бўйича аввал билдирган фикрлари Британиядаги яҳудийлар, жумладан «Манчестер Сити» мухлислари хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкинлиги эслатиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити»ни тўққиз йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.