
Ла Лиганинг 16-тури доирасида “Алавес” устидан 2:1 ҳисобида қўлга киритилган ғалабадан кейин “Реал Мадрид” бош мураббийи Хаби Алонсо жамоадаги ўзаро ишонч ва бирдамлик масаласига алоҳида тўхталди. Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, айнан жамоавий руҳ ва ягона мақсад сари ҳаракат қилиш ғалабаларнинг асосий калитидир.
Учрашувда ҳал қилувчи голга ассист амалга оширган Винисиус Жуниор тўп киритилганидан сўнг тўғридан-тўғри мураббий олдига югуриб бориб, Алонсони қучоқлади. Бу ҳолат охирги пайтларда бразилиялик футболчи билан бош мураббий ўртасида келишмовчилик борлиги ҳақида тарқалган гап-сўзларга муносиб жавоб бўлди. Майдондаги ушбу эпизод жамоа ичидаги муҳит соғлом эканини яна бир бор кўрсатди.
Хаби Алонсо ўз фикрларида “Реал” ҳозир фақат ўз ўйинига эътибор қаратаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳар уч кунда ўтаётган баҳслар жамоадан тўлиқ концентрация ва юқори тайёргарлик талаб қилмоқда. Айниқса, бир қатор асосий футболчилар йўқлигига қарамай қўлга киритилган ғалаба мураббий томонидан юқори баҳоланди.
Алонсо шунингдек, ёш футболчи Вальдепеньяснинг дебютини ҳам алоҳида қайд этди. Мураббий уни биринчи ўйини ва майдондаги ҳаракатлари билан табриклаб, бундай ишонч ёшлар учун муҳим қадам эканини таъкидлади.
“Биз ҳаммамиз ягона мақсад йўлида меҳнат қиляпмиз. Ҳозирги суръатни сақлаб қолиш жуда муҳим, чунки битта ғалаба ҳали етарли эмас. Олдинда узоқ йўл бор ва фақат жамоавий бирликгина бизга барқарор ўсишни таъминлаб беради”, — деди Хаби Алонсо.
Бу ғалаба “Реал” учун нафақат навбатдаги уч очко, балки жамоа ичидаги ишонч ва бирдамлик янада мустаҳкамланаётганининг яққол белгиси бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.