date

Педри "Барселона" тарихида 15 йил аввал Месси ўрнатган рекордни янгилади

Педри "Барселона" тарихида 15 йил аввал Месси ўрнатган рекордни янгилади

Каталониянинг “Барселона” клуби ярим ҳимоячиси Педри яна бир тарихий маррага етиб борди. Opta маълумотларига кўра, иқтидорли испаниялик футболчи “кўк-анорранглилар” сафида Ла Лига доирасида 150 та расмий учрашувда майдонга тушди.

Ушбу муҳим беллашув Испания чемпионатининг 16-турида қайд этилди. 13 декабрь куни Педри “Осасуна”га қарши ўйинда иштирок этиб, ўз номи билан клуб солномасига яна бир ёрқин саҳифа қўшди. Айнан шу баҳс у учун Ла Лигадаги 150-ўйин сифатида тарихга кирди.

Эътиборлиси, Педри бу натижага 23 ёшу 18 кунлигида эришди ва “Барселона” тарихида Ла Лигада 150 та ўйин ўтказган энг ёш футболчига айланди. Шу тариқа у клуб афсонаси Лионель Мессининг рекордини янгилади.

Аввалги рекорд аргентиналик юлдуз Мессига тегишли эди. У 2010 йилда “Сарагоса”га қарши учрашувда “Барселона” сафида Ла Лигадаги 150-ўйинини ўтказган ва ўша пайтда 23 ёшу 121 кунлик бўлган.

Педри учун бу маррага етиш осон кечмади. Испаниялик ярим ҳимоячига чемпионатда 150 та ўйин ўтказиш учун беш йилдан сал кўпроқ вақт талаб этилди. У Ла Лигадаги дебютини 2020 йил 27 сентябр куни “Вилярреал”га қарши баҳсда ўтказган эди.

Қисқа вақт ичида бундай натижага эришиш Педрининг барқарор ўйини, ишончли ҳаракатлари ва “Барселона”даги муҳим ўрнини яққол кўрсатади. Мутахассислар фикрича, уни олдинда яна кўплаб рекордлар ва катта ютуқлар кутиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Педри "Барселона" тарихида 15 йил аввал Месси ўрнатган рекордни янгилади