
Россиянинг ЦСКА клуби собиқ футболчиси Олег Корнаухов Мадриднинг “Реал” жамоасида бош мураббий Хаби Алонсо атрофида шаклланган мураккаб вазият юзасидан ўз фикрларини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги натижалар ва жамоа ичидаги муҳит испаниялик мутахассис учун жиддий синов бўлиб турибди.
Корнауховнинг айтишича, Хаби Алонсо “Реал”да тўлиқ қайта қуриш жараёнини бошлашга ҳаракат қиляпти. У жамоадаги барча юлдуз футболчиларни ягона тизимга бўйсундиришни мақсад қилган. Буни Алонсо аввалроқ “Байер”да ишлаган пайтида муваффақиятли уддалай олган эди.
— У Леверкузенда қилган ишини Мадридда ҳам такрорлайман, деб ўйлади. Чунки бу ердаги футболчилар даражаси янада юқори, — дейди Корнаухов.
Бироқ ҳозирги пайтда “Реал”да қайта қуриш жараёни давом этмоқда, жамоада жароҳатлар кўпайган, қолаверса, бу клубда энг кичик омадсизлик ҳам дарҳол кучли босимга айланади. Бу эса ҳар қандай мураббий учун осон эмас.
Корнаухов Хаби Алонсонинг тажрибасига ҳам алоҳида урғу берди. У футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам катта йўлни босиб ўтган, чемпионликларни кўрган инсон. Шу боис ҳозирги қийин вазиятга қарамай, ҳали ҳеч нарса йўқотилмаганини таъкидлади.
— “Реал” пешқадамдан атиги тўрт очко ортда қоляпти, холос. Шунинг учун ҳали барчасини тўғри йўлга қўйиш имкони бор, — деди у.
Якунда Корнаухов Хаби Алонсонинг бош мураббий сифатида бу босимларга чидамли бўлиб, ўз орзу қилган жамоасини қуриш учун етарли ечим топишига умид билдирди. Мадридда эса барча қарорлар тез натижа билан ўлчанишини ҳисобга олсак, Алонсони олдинда яна жиддий синовлар кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.