date

Мбаппе “Реал”ни танлади: миллиардлардан устун бўлган орзу...

Мбаппе “Реал”ни танлади: миллиардлардан устун бўлган орзу...

2024 йил ёзида “Пари Сен-Жермен” билан саҳифани ёпиб, “Реал Мадрид”га қадам қўйган Килиан Мбаппе қисқа вақт ичидаёқ “Қироллик клуби”нинг асосий қувватига айланди. 26 ёшли франциялик юлдуз майдондаги таъсири, етакчилик фазилатлари ва ҳал қилувчи дақиқалардаги ишончли ўйини билан жамоанинг стратегиясида марказий ўрин эгаллади. Бу эса унинг атрофидаги қизиқишни янада кучайтирди.

Нуфузли манбаларга таянган fichajes.net хабар беришича, Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби Мбаппе трансфери учун “Реал”га 350 миллион евро миқдорида рекорд даражадаги бадал пули таклиф қилди. Бу нафақат Испания, балки жаҳон футболи тарихида ҳам кам учрайдиган таклиф эди. Шайхлар эса футболчининг ўзига тўрт йиллик шартнома, ҳар мавсум учун 300 миллион евро маош ва қатор имтиёзларни ваъда қилган.

Саудия томонининг мақсади ҳам очиқ: Килиан Мбаппени мамлакат футболи рамзига айлантириш, лиганинг халқаро нуфузини ошириш ва жаҳон жамоатчилиги эътиборини янада жалб этиш. Қисқаси, пул, маркетинг ва глобал резонанс — барчаси тайёр эди.

Бироқ манбалар таъкидлашича, таклиф қанчалик жозибадор бўлмасин, “Реал Мадрид” уни рад этди. Сабаб оддий, аммо қатъий: мадридликлар Мбаппени қисқа муддатли сенсация эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган лойиҳанинг ўзаги, жамоа келажагининг калити сифатида кўради. “Сантьяго Бернабеу”да қурилаётган янги давр айнан Мбаппе атрофида шаклланиши режалаштирилган.

Энг муҳими, бу қарорда футболчининг ўзи ҳам ҳал қилувчи роль ўйнади. Килиан Мбаппе моддий манфаатни биринчи ўринга қўймади. У айни кучга тўлган, энг юқори формадаги пайтида дунёнинг энг қудратли клубларидан бири сафида кўпроқ соврин ютиш, Чемпионлар лигасида тарих ёзиш ва футбол оламида ўчмас из қолдиришни афзал кўрди. Бу танлов — шон-шараф, мерос ва спортий орзу танлови.

Мухлислар учун эса бу хабар алоҳида қувонч. Чунки “Реал” сафида Мбаппенинг қолиши — янги ғалабалар, катта финаллар ва унутилмас кечалар демакдир. Ҳа, миллиардлар жозибали, лекин баъзан тарих яратиш истаги ҳар қандай рақамдан устун туради. Мбаппе айнан шу йўлни танлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Мбаппе “Реал”ни танлади: миллиардлардан устун бўлган орзу...