
2025 йил якунига кўра футболчилар либослари савдоси бўйича янги рейтинг эълон қилинди. Score 90 тарқатган маълумотларга асосан, жорий йилда мухлислар энг кўп харид қилган футболчи — «Барселона» вингери Ламин Ямал бўлди. Ёш юлдуз бу кўрсаткичда каталонияликларнинг афсонавий собиқ ҳужумчиси Лионел Мессини ҳам ортда қолдирди.
Маълумотларга кўра, Ямалнинг либоси 1 миллион 320 минг дона сотилиб, 2025 йилнинг мутлақ етакчисига айланди. Ундан сал ортда «Интер Майами» сафида тўп сураётган Лионел Месси жой олган — аргентиналик суперюлдузнинг либослари 1 миллион 280 минг марта харид қилинган. Учинчи ўринда эса яна бир «Барселона» футболчиси — Роберт Левандовски қайд этилди. Поляк ҳужумчининг либослари 1 миллион 110 минг дона сотилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилда тўрт нафар футболчининг либослари 1 миллион донадан ортиқ харид қилинган. Улар қаторида «Реал Мадрид» юлдузи Килиан Мбаппе ҳам бор — унинг либоси 1 миллион 20 минг марта сотилган. Бу кўрсаткич францияликнинг мадридликлар сафидаги машҳурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Топ-10 рўйхатида «Реал» футболчилари кўпчилиги билан ажралиб турибди. Винисиус Жуниор 992 мингта, Родриго эса 798 мингта либос сотилиши билан рўйхатдан ўрин олган. Шунингдек, Бразилиянинг «Фламенго» клуби етакчиси Жоржиан де Арраскаэта ҳам деярли 1 миллионга яқин (975 минг) кўрсаткич билан юқори ўринни эгаллади.
Криштиану Роналду ҳам анъанавий равишда рейтингда бор. «Ан Наср» ҳужумчисининг либослари 925 минг марта сотилган. Ундан кейин «Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандеш (878 минг) ва «Бавария» етакчиси Ҳарри Кейн (867 минг) жой олган.
Қисқаси, 2025 йил футболда нафақат майдонда, балки маркетинг ва мухлислар муҳаббати борасида ҳам янги номларни олдинга чиқарди. Ламин Ямал эса ўз ўйини билан ҳам, либослар савдосида ҳам янги авлод юлдузининг ким эканини бутун дунёга яққол кўрсатиб берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.