date

"Манчестер Сити" ва Ҳусанов: Экспертдан шов-шувли баёнот — "Иқтидорсиз"?!

"Манчестер Сити" ва Ҳусанов: Экспертдан шов-шувли баёнот — "Иқтидорсиз"?!

Россиялик футбол эксперти Владимир Манцев Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг жорий ҳолати ва келажакдаги истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Мутахассиснинг баҳоси анча кескин бўлса-да, у бунда Англия грандидаги юқори талаб ва рақобатни асосий омил сифатида кўрсатди.

Манцевнинг таъкидлашича, Ҳусанов табиий иқтидорга эга ҳимоячи ҳисобланади, аммо ҳозирги пайтда “Манчестер Сити” унга тўлиқ мос келмаяпти. Экспертнинг фикрича, футболчи “Ланс” сафида ўйнаган даврида муайян ютуқларга эришган, аммо Пеп Гвардиола жамоасига келганидан сўнг босим мутлақо бошқа даражага чиқади.

— “Сити”да ҳар бир ўйинчига қўйиладиган талаб жуда юқори. Гвардиола уни марказий ҳимоячи сифатида синаб кўрди, лекин бу позицияда Ҳусанов ҳозирча ўзини кўрсата олмади. Қанот ҳимоясида ҳам текшириб кўрилди, аммо олдинги ҳаракатларда ижодкорлик етишмади, — дейди Манцев.

Эксперт Ҳусановнинг жисмоний кўрсаткичларини инкор этмайди. Унинг сўзларига кўра, тезлик бор, буни Винисиусга қарши эпизодларда ҳам кўриш мумкин. Аммо “Манчестер Сити” даражасида фақат тезлик етарли эмас.

— Бу жамоада “бош билан ўйнайдиган”, яъни майдонда тез фикрлайдиган, вазиятни олдиндан ўқийдиган футболчилар жамланган. Ҳусановда эса айнан шу компонент ҳозирча етишмаяпти, — дея қўшимча қилди мутахассис.

Манцев ўз фикрларини янада очиқроқ ифода этиб, ҳатто Ҳусановни “ўртача” ёки “истеъдодсиз” тоифага киритиш ҳақида ўйлаганини айтди. Шу билан бирга, у бу сўзлари кўплаб ўзбек мухлисларида салбий реакция уйғотишини ҳам тан олди.

— Менинг яқин дўстим Ўзбекистон фуқароси, шунинг учун "иқтидорсиз" деган тоифага қўйсам, барча ўзбеклар менга қарши чиқади. Ростдан ҳам, мени "сочиб ташлашга" тайёр бўлишади. Аммо шахсий фикрим шуки, кўпроқ “истеъдодсиз” деган фикрга мойилман. Дўстлар, ҳаммаси яхши бўлади. Лекин, афсуски, у "иқтидорсиз" тоифасига тушади, — деди Манцев.

Шу билан бирга, эксперт вазият бутунлай ёмон эмаслигини ҳам таъкидлади, аммо ҳозирги ҳолатда Ҳусанов учун “Сити” даражаси жуда юқори эканини яширмади.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов жорий йилнинг январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити” сафига ўтган эди. Ушбу мавсумда у “шаҳарликлар” таркибида жами 8 та учрашувда майдонга тушди. Мухлислар эса ҳали ҳам ёш ҳимоячидан вақт ва сабр орқали ўсишни кутиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Манчестер Сити" ва Ҳусанов: Экспертдан шов-шувли баёнот — "Иқтидорсиз"?!