date

Ўзбекистон мундиални тарихий «Ацтека»да Колумбияга қарши бошлайди

Ўзбекистон мундиални тарихий «Ацтека»да Колумбияга қарши бошлайди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади. Қайд этилишича, тарихий беллашув 2026 йил 17 июнь куни Мехико шаҳрида жойлашган машҳур “Mexico City” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув маҳаллий вақт билан соат 07:00да старт олади.

Мехико шаҳри Америка қитъасидаги энг қадимий ва нуфузли шаҳарлардан бири саналади. У нафақат тарихий меъморчилиги, балки футбол маданияти билан ҳам дунёга машҳур. Айни пайтда пойтахт аҳолиси 22,2 миллион нафардан ортиқ бўлиб, бу уни дунёдаги энг йирик мегаполислар қаторига қўяди.

Учрашув бўлиб ўтадиган “Mexico City” стадиони эса футбол оламида “Ацтека” номи билан танилган. У дунё футболи тарихида алоҳида ўрин тутадиган ареналардан бири ҳисобланади. Мазкур стадион ФИФА Жаҳон чемпионатини учинчи бор қабул қилаётган илк стадион сифатида тарихга кирган.

“Ацтека” деворлари мундиал тарихидаги энг улуғ лаҳзаларга гувоҳ бўлган. Айнан шу майдонда Пеле ва Диего Марадона каби футбол афсоналари Жаҳон чемпионати финалларида ғалаба қозониб, ўз номларини абадийликка муҳрлаб кетишган. Бу эса ушбу аренани нафақат спорт иншооти, балки футбол рамзига айлантирган.

Ўзбекистон терма жамоаси учун эса бу ўйин тарихий аҳамиятга эга. Илк мундиал баҳсини шундай улуғ майдонда, кучли рақибга қарши ўтказиш футболчилар учун ҳам, мухлислар учун ҳам унутилмас воқеа бўлиши шубҳасиз. Энди барча эътибор — миллий жамоанинг тайёргарлиги ва майдонда қандай ўйин намойиш этишида.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон мундиални тарихий «Ацтека»да Колумбияга қарши бошлайди