
ФИФА 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Конго миллий жамоаси сафида майдонга тушган айрим футболчиларнинг ўйнаш ҳуқуқи бўйича текширув ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда халқаро футбол доираларида тарқалган маълумотларда қайд этилмоқда. Сабаб сифатида айрим ўйинчиларнинг фуқаролик масаласи ва терма жамоани танлаш жараёнида ФИФА қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаган бўлиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.
Хабарларга кўра, Конго терма жамоаси таркибида тахминан 9 нафар футболчи барча зарур ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда расмий ўйинларда иштирок этган. ФИФА қоидаларига мувофиқ, футболчининг фақатгина паспортга эга бўлиши етарли ҳисобланмайди. У миллий жамоа учун ўйнаш ҳуқуқини берувчи барча халқаро ва ҳуқуқий талабларга жавоб бериши шарт.
Мутахассислар таъкидлашича, терма жамоа танлашда илгари бошқа мамлакат ёшлар ёки катталар жамоасида ўйнаган футболчилар учун алоҳида рухсат ва расмий тасдиқ талаб этилади. Агар ушбу жараёнда хатолик ёки қоидабузарлик аниқланса, бу жамоа учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
ФИФА томонидан олиб борилаётган текширув натижаларига кўра, агар қоидабузарликлар тасдиқланса, Конго миллий жамоасига нисбатан турли санкциялар қўлланиши эҳтимолдан холи эмас. Жумладан, айрим учрашувлар натижаларини бекор қилиш ёки очколарни камайтириш каби чоралар кўрилиши мумкин.
Бу вазият эса бошқа жамоалар учун ҳам турнир тақдирига таъсир қилиши мумкин. Айниқса, Нигерия терма жамоаси учун “ЖЧ–2026” йўлланмасига бўлган умидлар қайта жонланиши айтилмоқда. Чунки эҳтимолий санкциялар гуруҳдаги кучлар нисбатига бевосита таъсир ўтказади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси “K” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, Португалия ва Колумбия билан бирга Конго ёки Янги Каледония ёки Ямайка терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Шу боис Конго атрофидаги ушбу вазият гуруҳдаги барча жамоалар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
ФИФАнинг якуний қарори яқин ойларда маълум қилиниши кутилмоқда ва у Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги интригани янада кучайтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.