
Бразилия миллий жамоаси ва «Барселона» клуби ҳужумчиси Рафиньянинг турмуш ўртоғи Наталия Беллоли ФИФА талқинига кўра 2025 йилнинг рамзий терма жамоаси эълон қилинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда ўз норозилигини очиқ билдирди. Унинг фикрича, бундай қарор футболчи меҳнатини инкор этишга тенг.
Беллоли Instagram саҳифасида жойлаган изоҳида киноя билан мурожаат қилди.
«Рафинья баскетбол ўйнаяпти деб ўйлайсизларми? У йилнинг энг яхши жамоасида бўлишга лойиқ эмасми? Энди буни ҳатто яширишмайди ҳам», — дея ёзди у. Ушбу фикр қисқа фурсат ичида мухлислар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Бундай реакция бекорга эмас. Чунки ўтган мавсум Рафинья фаолиятида энг самарали йиллардан бири сифатида тарихга кирди. Бразилиялик ҳужумчи «Барселона» сафида барча мусобақалар доирасида 57 та учрашувда майдонга тушиб, 34 та гол уриб, 26 та голли узатма амалга оширди. Бу кўрсаткичлар уни жамоанинг асосий таянч футболчиларидан бирига айлантирди.
Айниқса, Европа Чемпионлар лигасида Рафиньянинг ўйини алоҳида эътироф этилди. У турнирнинг энг яхши тўпурари сифатида 13 та гол урди, шу билан бирга 8 та голли узатма билан энг яхши ассистент мақомини ҳам қўлга киритди. Бундай натижаларга қарамай, унинг рамзий терма жамоага киритилмагани кўплаб мухлислар учун тушунарсиз бўлди.
Каталония клуби билан биргаликда Рафинья Испания чемпионати, мамлакат Кубоги ва Суперкубокни қўлга киритиб, мавсумни деярли идеал тарзда якунлади. Шу боис ижтимоий тармоқларда кўплаб футбол ишқибозлари Беллолининг фикрларини қўллаб-қувватлаб чиқмоқда.
Бу ҳолат яна бир бор футболда индивидуал натижалар билан расмий баҳолаш ўртасидаги тафовут қанчалик катта эканини кўрсатди. Рафинья эса танқидларга жавобан майдондаги ўйини билан жавоб беришда давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.