
Нигерия футбол федерацияси (NFF) кутилмаган қадам ташлади: улар Конго Демократик Республикаси (Конго ДР) терма жамоаси устидан ФИФАга расмий шикоят киритди. Можаро марказида — футболчиларнинг фуқаролиги билан боғлиқ шубҳали ҳужжатлар ва қонунбузарликлар турибди.
Мағлубиятдан кейинги кескин қадам
Эслатиб ўтамиз, Нигерия терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи босқичида айнан Конго ДРга пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, ЖЧ-2026 йўлланмасидан маҳрум бўлган эди. Конголиклар эса ушбу ғалабадан сўнг қитъалараро ўтиш ўйинларига йўл олган.
Бироқ, Нигерия томони бу натижани адолатсиз деб ҳисобламоқда. "ESPN" нашрининг ёзишича, шикоятда Конго ДР таркибидаги 6 нафардан 9 нафаргача бўлган футболчининг легитимлиги шубҳа остига олинган. Ушбу ўйинчилар Европада (Франция, Нидерландия ва бошқа давлатлар) туғилган бўлиб, қўш фуқароликка эга.
Қонунчиликдаги зиддият: ФИФА ва Конго ДР
Нигерия футбол федерацияси бош котиби Муҳаммед Санусининг таъкидлашича, Конго ДР ички қонунларига кўра, қўш фуқароликка эга бўлиш тақиқланган.
Муҳаммед Сануси: "Қоидалар жуда аниқ. Конго ДР қонунларига кўра, иккита паспортга эга бўлиш мумкин эмас. Уларнинг кўпчилик ўйинчиларида ҳали ҳам Европа паспортлари бор. ФИФА фақат ўз регламентига қарайди ва ҳужжат бор бўлса, ўйнашга рухсат беради. Лекин биз ФИФА алданганини таъкидламоқдамиз. Бу ҳақиқий фирибгарлик!"
Нигерияликларнинг фикрича, футболчилар ўз мамлакатларининг Европа паспортларидан воз кечиш тартибини тўлиқ бажаришмаган, бу эса халқаро меъёрларга зид.
Ўзбекистон учун нега муҳим?
Ушбу вазият нафақат Африка, балки Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳам аҳамиятли. Гап шундаки, агар Конго ДР плей-офф баҳсларидан муваффақиятли ўтса, улар ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида ҳамюртларимизга рақиб бўлиши мумкин. Агар ФИФА Нигериянинг шикоятини қаноатлантирса, гуруҳимиздаги рақиб номи ўзгариб кетиши эҳтимоли бор.
Қарор қачон чиқади?
Нигериянинг шикояти бўйича якуний ҳукм март ойида бошланадиган қитъалараро плей-офф ўйинларига қадар эълон қилиниши кутилмоқда. Агар фирибгарлик исботланса, Конго ДР мусобақадан четлатилиши, Нигерия эса мундиалга қайтиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.