
Мадриднинг «Реал» клуби Бразилия футболида порлаб келаётган ёш ҳужумчи Райанни ўз сафига қўшиб олиш масаласида жиддий қадам ташлашга ҳозирлик кўрмоқда. Fichajes нашри тарқатган маълумотларга кўра, «қаймоқранглилар» «Васко да Гама» сафида ўйнаётган 19 ёшли футболчи учун дастлабки расмий таклиф устида иш олиб бормоқда.
Манба қайд этишича, Мадрид клуби иқтидорли бразилияликни трансфер қилиш учун тахминан 50 миллион евро ажратишга тайёр. Бу эса «Реал»нинг Райанга бўлган қизиқиши жиддий эканини кўрсатади. Аввалроқ, «Барселона» ҳам ушбу футболчи учун Бразилия клубига 30 миллион евролик таклиф билан чиққан, аммо ҳозирча келишувга эришилмагани айтилмоқда.
Райан 2025 йил мавсумида жуда самарали ўйин намойиш этди. У барча мусобақалар доирасида 55 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол уришга муваффақ бўлди ва жамоадошлари учун 1 марта голли узатмани амалга оширди. Бу кўрсаткичлар ёш ҳужумчини Европа грандлари диққат марказига олиб чиқди.
Футболчининг «Васко да Гама» билан тузилган амалдаги шартномаси 2028 йил охиригача амал қилади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра эса, Райаннинг ҳозирги бозор қиймати 25 миллион евро деб баҳоланмоқда. Шу боис, унинг эҳтимолий трансфери Бразилия клуби учун ҳам молиявий жиҳатдан катта фойда келтириши мумкин.
Мутахассислар фикрича, агар ушбу битим амалга ошса, Райан «Реал»нинг келажак режаларида муҳим ўрин эгаллаши ва клубнинг ҳужум чизиғини янада кучайтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.