
«Манчестер Сити»нинг тажрибали марказий ҳимоячиси Натан Аке қишки трансфер ойнасида клубини алмаштириши эҳтимоли янада кучаймоқда. Испания ОАВларининг хабарига кўра, 30 ёшли нидерландиялик футболчига Мадриднинг «Атлетико» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда ва уни Ла Лигага олиб келиш режаларини ишлаб чиқмоқда.
El-Desmarque нашри маълум қилишича, «матрасчилар» январь ойида Акени кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш имконияти билан ижарага олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу қарор Мадрид клуби ҳимоя чизиғини кучайтириш ва тажрибали футболчи ҳисобига барқарорликни ошириш мақсадида қабул қилиниши мумкин.
Натан Аке 2020 йилдан буён «Манчестер Сити» сафида тўп суриб келаётган бўлса-да, сўнгги пайтларда жамоадаги мақоми ўзгариб кетди. Хосеп Гвардиола 2025 йилда икки трансфер ойнаси орқали жамоада авлодлар алмашинувини амалга оширди ва натижада Аке асосий таркибдаги жойини йўқота бошлади. У айни пайтда ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов билан тўғридан-тўғри рақобатда қолмоқда.
Жорий мавсумда нидерландиялик ҳимоячи Гвардиола режаларида асосий фигура ҳисобланмайди. Шу сабабли у барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда атиги 14 та ўйинда майдонга тушган, холос. Бу эса тажрибали футболчини янги чақирув ва янги лига ҳақида ўйлашга ундаётгани табиий.
Акeнинг «шаҳарликлар» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 18 миллион евро деб баҳоламоқда. Агар «Атлетико» режаси амалга ошса, Аке Ла Лигада ўз фаолиятини қайтадан юқори даражада давом эттириш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Қисқаси, қишки трансфер ойнаси яқинлашар экан, Натан Аке атрофидаги вазият тобора қизиб бормоқда. Мухлислар эса тажрибали ҳимоячининг кейинги манзили қаер бўлишини катта қизиқиш билан кузатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.