
Аргентина миллий терма жамоаси ва АҚШнинг «Интер Майами» клуби етакчи ҳужумчиси Лионель Месси Ҳиндистонга қилган сафари чоғида қиймати тахминан 1,09 миллион долларга баҳоланган ноёб люкс соатга эга бўлди. Бу ҳақда Sports.kz нашри MSN манбасига таяниб хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, яқинда Месси ўзининг илк «GOAT Tour» номли халқаро турини айнан Ҳиндистонда якунлаган. Тур доирасида у Калькутта, Ҳайдаробод, Мумбай ҳамда Нью-Деҳли шаҳарларида бўлиб, маҳаллий мухлислар билан учрашувлар ўтказган.
Сафарнинг якуний қисмида аргентиналик юлдуз футболчи миллиардер Анант Амбани ташаббуси билан ташкил этилган Вантера (Vantara) — ваҳший табиатни асраш ва қутқариш марказига ташриф буюрган. Ана шу ташриф давомида Мессига Richard Mille RM 003-V2 GMT Tourbillon «Asia Edition» моделидаги эксклюзив соат совға қилинган.
Қайд этилишича, ушбу люкс соат дунё миқёсида атиги 12 нусхада ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг бозордаги қиймати тахминан 1,09 миллион долларни ташкил этади. Модель инновацион сафир диск билан жиҳозланган бўлиб, у соат белгилари ёритилишида ўзига хос визуал эффект ҳосил қилади. Шунингдек, завод қилиш ва вақтни созлаш режимини ўзгартириш имконини берувчи махсус механизмга ҳам эга.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бундай ноёб соатлар эгалари орасида Бруней султони Ҳассанал Болкиях, Формула-1 учувчиси Мик Шумахер, FIA собиқ президенти Жан Тодт, Жохор валиаҳди Тунку Исмаил ҳамда машҳур соатсоз Кари Воутилайнен каби таниқли шахслар бор.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.