
Бразилиянинг машҳур “Ботафого” клуби бош мураббий Давиде Анчелотти жамоани расман тарк этганини эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди ва қарор жамоа атрофида катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Маълумки, Давиде Анчелотти — жаҳон футболида катта обрўга эга бўлган, Бразилия миллий терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелоттининг ўғли ҳисобланади. У мураббийлик фаолиятини айнан отаси билан бирга бошлаб, Мадриднинг “Реал” клуби ҳамда бошқа жамоаларда ёрдамчи мураббий сифатида тажриба тўплаган эди. “Ботафого”да эса у мустақил равишда жамоани бошқариш имкониятига эга бўлди.
Globo нашри тарқатган маълумотларга кўра, шартноманинг бекор қилинишига асосий сабаб Давиде Анчелоттининг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Лука Геррани ишдан олинганига нисбатан кескин норозилиги бўлган. Сўнгги пайтларда жамоада мушак жароҳатлари кўпайиб кетгани раҳбариятни шундай қарор қабул қилишга ундаган.
Анчелотти эса клуб раҳбариятига бутун мураббийлар штаби сақлаб қолинган тақдирдагина ишни давом эттиришини очиқ билдирган. Бироқ “Ботафого” раҳбарияти бу талабни қабул қилмаган ва натижада италиялик мутахассис жамоа билан хайрлашишга мажбур бўлган.
Қайд этиш жоизки, Давиде Анчелотти бошчилигида “Ботафого” анча барқарор натижалар кўрсатган. Унинг қўл остида жамоа 14 та ғалаба қозонган, 11 та учрашув дуранг билан якунланган ва 7 марта мағлубиятга учраган. Бу эса мутахассиснинг иши ижобий баҳоланиши мумкинлигини кўрсатади.
Эндиликда “Ботафого”ни ким бошқариши ва Давиде Анчелотти мураббийлик фаолиятини қаерда давом эттириши футбол мухлислари учун асосий саволлардан бирига айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.