
Transfermarkt портали Саудия Арабистони Про-лигасида тўп сураётган футболчиларнинг янгиланган бозор қийматларини эълон қилди. Навбатдаги баҳолаш натижаларига кўра, чемпионатдаги бир қатор машҳур футболчиларнинг трансфер нархларида сезиларли пасайиш қайд этилди.
Янгиланган рўйхатга асосан, жами беш нафар футболчининг қиймати тушган. Улар орасида Европа футболидан яхши таниш бўлган ҳужумчилар ва универсал ижрочилар ҳам бор. Хусусан, «Ал Қодисия» сафида ўйнаётган Матео Ретеги 40 миллион еврога баҳоланиб, аввалги кўрсаткичидан 5 миллион еврога арзонлади.
«Ал Ҳилол» ҳужумчиси Дарвин Нунес эса энг катта пасайишни бошдан кечирди. Унинг трансфер қиймати 10 миллион еврога камайиб, ҳозирда 35 миллион еврони ташкил этмоқда. Шу жамоа ҳимоячиси Тео Эрнандес ҳам 7 миллион еврога арзонлаб, 28 миллион евро билан баҳоланди.
«Ал Иттиҳод» вингери Мусса Диабининг нархи 2 миллион еврога пасайиб, 28 миллион еврони ташкил этди. «Ал Аҳли» футболчиси Энцо Мийо ҳам худди шу қатордан жой олди — у 7 миллион еврога арзонлаб, 28 миллион евро билан баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, «Ан-Наср» клуби форварди Криштиану Роналдунинг трансфер қиймати ўзгаришсиз қолди. 40 ёшли португалиялик юлдуз ҳозирда 12 миллион евро деб баҳоланмоқда ва Саудия Про-лигасидаги энг қиммат футболчилар рўйхатида 23-ўринни эгаллаб турибди.
Мутахассислар фикрича, айрим футболчиларнинг ёши, лига хусусиятлари ва умумий бозор динамикаси бу пасайишларга таъсир кўрсатган. Шунга қарамай, Саудия Про-лигаси ҳамон жаҳон футболида катта эътибор марказида қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.