
«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола жамоанинг айни пайтдаги ҳолати, ўйин сифати ва олдимизда турган вазифалар ҳақида фикр билдирди. Эртага «шаҳарликлар» АПЛнинг 17-тури доирасида «Вест Хэм» меҳмони бўлади ва бу учрашув жамоа учун навбатдаги жиддий синов сифатида қаралмоқда.
Испаниялик мутахассис рақибни ҳеч қачон камситмаслик кераклигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Вест Хэм»нинг сўнгги натижалари идеал бўлмаслиги мумкин, аммо жамоа кучли рақибларга қарши муносиб ўйин кўрсатган. Хусусан, улар «Олд Траффорд»да ҳам, «Брайтон» майдонида ҳам дуранг қайд этган, «Астон Вилла»га эса фақат ўйиннинг сўнгги дақиқаларида мағлуб бўлган. Бу эса жамоа таркибида юқори савияли футболчилар борлигини кўрсатади.
Гвардиола ўз жамоаси ҳақида ҳам очиқ гапирди. Унинг айтишича, «Манчестер Сити»нинг натижалари умуман олганда ёмон эмас, бироқ айрим жиҳатларни албатта яхшилаш лозим. Мураббий жамоада менталитет ва ўзига бўлган ишонч юқори эканини таъкидлаб, шу билан бирга ҳозирча чемпионлик учун тўлиқ кураш олиб бориш даражасида эмасликларини тан олди. «Яхши ўйинлар ҳам бўлди, қийин ўйинлар ҳам. Ўтмишда қолган ҳолатларга ортиқча ёпишиб олмаслигимиз керак», — деди у.
Айни пайтда «шаҳарликлар» АПЛ турнир жадвалида 34 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Пешқадам «Арсенал»дан фарқ атиги икки очкони ташкил қилади. Демак, олдиндаги ҳар бир ўйин жамоа учун ниҳоятда муҳим ва ҳар бир очко олтинга тенг.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.