date

Гвардиола «Сити»дан кетиш миш-мишларига ойдинлик киритди

Гвардиола «Сити»дан кетиш миш-мишларига ойдинлик киритди

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоани мавсум якунида тарк этиши мумкинлиги ҳақида тарқалаётган гап-сўзларга муносабат билдирди. Аввалроқ ОАВда испаниялик мутахассис ўрнига Энцо Мареска асосий номзод сифатида кўрилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Гвардиоланинг айтишича, бу каби саволлар унга охирги уч-тўрт йил давомида доимий равишда бериб келинади. У буни табиий ҳол деб ҳисоблайди ва ҳозирча бундан ҳеч қандай муаммо кўрмаётганини таъкидлади. «Эҳтимол, 75 ёки 76 ёшимда “Сити”ни тарк этарман. Бу нормал. Лекин айни пайтда шартномамга ҳали 18 ой бор», — деди мураббий.

Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, клуб ҳар қандай сценарийга тайёр бўлиши шарт, чунки футбол жуда тез ўзгаради. Бироқ ҳозирда унинг кетиши ёки келажак режалари расман муҳокама қилинмаяпти. «Менда ўн йиллик шартнома бўладими ёки ярим йиллик — фарқи йўқ. Футболда барчаси жуда тез ўзгаради», — деди у.

Гвардиола ҳозир барча эътиборини яқиндаги ўйинга қаратганини ҳам қўшимча қилди. «Ҳозир бутун диққатим “Вест Хэм”га қарши баҳсда. Кейин эса бир неча кун отам билан голф ўйнаб, дам олишни режалаштирганман», — дея кулимсиради мураббий.

Маълумот учун, 54 ёшли Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити»ни 2016 йилдан бери бошқариб келмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2026/2027 йилги мавсум якунига қадар амал қилади. Ҳозирча эса «шаҳарликлар» учун асосий масала — навбатдаги ўйин ва жорий мавсум натижалари.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола «Сити»дан кетиш миш-мишларига ойдинлик киритди