
Нуфузли Transfermarkt портали 30 ёшдан ошган дунё футболи юлдузлари орасидаги энг қиммат 10 нафар футболчининг янгиланган рейтингини эълон қилди. Рўйхат тажриба, барқарорлик ва юқори савия ҳали ҳам катта нархланишини яққол исботлаб берди.
Рейтингнинг биринчи поғонасидан 32 ёшли Ҳарри Кейн жой олди. Бавария ҳужумчиси 65 миллион еврога баҳоланиб, 30 ёшдан ошган футболчилар орасида мутлақ етакчи бўлиб турибди. Кейннинг голлар, тажриба ва етакчилик хусусиятлари унинг трансфер қийматини ҳали ҳам юқори даражада ушлаб турибди.
Кучли учталикдан шунингдек, Кейннинг жамоадоши, Германия терма жамоаси етакчиларидан бири Йозуа Киммих ҳам ўрин олди. 30 ёшли ярим ҳимоячи 40 миллион евро билан иккинчи поғонани Бруну Фернандеш билан бўлишди. «Манчестер Юнайтед» сардори ҳам айнан шу суммага баҳоланган.
Рейтингнинг давомида ҳам машҳур номлар жой олган. «Арсенал» дарвозабони Давид Райя (35 млн евро), «ПСЖ» сардори Маркиниос ва «Ливерпул» юлдузи Муҳаммад Салоҳ 30 миллион евро билан бешинчи ўринни бўлишган.
Шунингдек, «Наполи» ярим ҳимоячиси Андре Замбо Ангисса, «Манчестер Сити» юлдузи Бернарду Силва, «Тоттенҳэм» футболчиси Жоау Палиня ва «Эвертон» аъзоси Жек Грилиш ҳам кучли ўнликдан жой олди.
Эътиборли жиҳати шундаки, футбол тарихининг икки афсонаси — Криштиану Роналду (12 млн евро) ва Лионел Месси (15 млн евро) ушбу рейтингга кирмади. Бу эса Transfermarkt баҳоларида ёш, фаоллик ва клуб даражаси ҳал қилувчи омил бўлиб қолишини яна бир бор кўрсатди.
Қисқаси, 30 ёшдан кейин ҳам катта футболда қиммат ва талабгир бўлиш мумкин. Ҳарри Кейн ва унга ҳамроҳ юлдузлар бунга ёрқин мисол.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.