
«Вест Ҳэм» устидан қўлга киритилган ишончли ғалабадан (3:0) сўнг "Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола учрашув тафсилотлари ва жамоанинг келгуси мақсадлари ҳақида очиқ фикр билдирди.
Ушбу муваффақият «шаҳарликлар»ни Премер-лига турнир жадвалидаги иккинчи ўрнини мустаҳкамлади. Беллашувда Эрлинг Холанд дубл муаллифига айланди, Тижани Рейндерс эса «Этиҳад» стадионидаги илк голини нишонлади. Бу баҳс Рождество танаффуси олдидан «Сити» учун охирги ўйин бўлди.
Гвардиоланинг таъкидлашича, натижа қувонарли, аммо ҳозирги даража чемпионликни кафолатламайди:
— Ғалабадан мамнунмиз, лекин тўп билан ўйнашни янада яхшиламасак, март, апрел ва май ойларида чемпионлик учун жиддий кураша олмаймиз. Бу даража ҳали етарли эмас, — деди испаниялик мутахассис.
Шу билан бирга, у жамоанинг умумий йўналишидан қониқишини ҳам яширмади:
— Биз Чемпионлар лигасида юқори ўринлар учун курашяпмиз, Лига кубогида ярим финалдамиз, Премер-лигада эса чемпионлик пойгасида қоляпмиз. Йигитларга «Рождество билан» дедим, лекин бир нарса аниқ — биз ўсишда давом этишимиз шарт.
Мураббий таркибдаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди:
— Родри, Мармуш, Жереми, Ковачич ва Райан Аит-Нури майдонда йўқ. Бугун захирада академиядан беш нафар футболчи бор эди. Бу ҳам ҳолатнинг қанчалик мураккаб эканини кўрсатади.
Сўз охирида Пеп аниқ хулоса қилди:
— Жамоада иштиёқ бор, очлик бор, ғалаба истаги бор. Агар йигитлар айтганларимни тўғри қабул қилса, мақсадга етамиз. Лекин кейинги қадам учун янада яхшироқ бўлишимиз шарт.
Маълумот учун, ушбу ғалабадан кейин «Манчестер Сити» очколарини 37 тага етказиб, АПЛда пешқадам "Арсенал"дан 2 очко орқада қолмоқда. Бугун, 21 декабрь куни "Арсенал" сафарда «Эвертон»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб очколарини 39 тага етказиб олди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.