date

ОФК Миллатлар лигасини ишга туширди: Осиё футболида янги босқич

ОФК Миллатлар лигасини ишга туширди: Осиё футболида янги босқич

Осиё футбол конфедерацияси миллий терма жамоалар ўртасида янги ва мунтазам мусобақа — Миллатлар лигаси ташкил этилганини расман эълон қилди. Тарихий қарор 21 декабрь куни Kuala Lumpur шаҳрида ўтказилган расмий баёнот орқали маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, янги турнир FIFA кунлари доирасида ўтказилади. Асосий мақсад — миллий жамоалар ўртасидаги ўйинлар сифатини ошириш, халқаро тақвимни аниқ ва барқарор қилиш, шу билан бирга логистика ҳамда молиявий харажатларни қисқартиришдан иборат. Айни пайтда мусобақанинг аниқ формати, регламенти ва старт санаси ишлаб чиқиш босқичида турибди.

ОФК бош котиби Датук Сери Виндзор Жоннинг таъкидлашича, Миллатлар лигаси конфедерация таркибига кирувчи 47 та миллий ассоциациянинг барқарор ва тизимли ривожланишини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг мантиқий давоми ҳисобланади.

«Ушбу ташаббус кенг қамровли таҳлиллар ва минтақавий футбол федерациялари билан олиб борилган маслаҳатлашувлардан сўнг маъқулланди», — деди бош котиб.

Қайд этилишича, янги лига миллий жамоаларга ўз савиясига яқин рақиблар билан мунтазам беллашиш имконини беради. Бу эса жамоаларнинг Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионати саралашлари каби нуфузли мусобақаларга тайёргарлигини янада самарали қилади.

Шунингдек, лойиҳа ОФКнинг тижорий ҳамкорлари томонидан ҳам ижобий қарши олинди. Улар Миллатлар лигаси томошабинлар қизиқишини ошириб, миллий терма жамоаларнинг медиа жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилишини кутмоқда. Конфедерация фикрича, ушбу турнир Осиё футболида рақобат мувозанатини кучайтириб, барча минтақалар учун юқори сифатли мусобақаларга йўл очади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » ОФК Миллатлар лигасини ишга туширди: Осиё футболида янги босқич