
Осиё Чемпионлар Лигаси Элит мусобақаси 6-тури доирасида бўлиб ўтадиган «Ал Иттиҳод» – «Насаф» учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва жамоа ҳимоячиси Зафармурод Абдураҳматов саволларга жавоб беришди.
Рўзиқул Бердиев:
— Ассалому алайкум. «Ал Иттиҳод» жамоасини жуда яхши биламиз. Улар таркибида юлдуз футболчилар жамланган, кучли жамоа. Эртанги учрашув биз учун осон бўлмаслигини яхши тушунамиз. Бизда футбол мавсуми аллақачон якунланган. Ушбу ўйинга 10 кун давомида тайёргарлик кўрдик. Футболчиларимизнинг кайфияти яхши ва беллашувга тайёрмиз.
— Эртага сизни «Ал Иттиҳод»га қарши оғир учрашув кутмоқда. Ушбу баҳсда ўз имкониятингизни қандай баҳолайсиз?
— ОЧЛ Элит мусобақасида фақат энг кучли жамоалар иштирок этади. Бироқ битта ўйинда ҳар қандай жамоа яхши тайёргарлик эвазига ижобий натижага эришиши мумкин. Биз эртага тартибли ҳаракат қилиб, яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Бу осон бўлмайди, аммо ўз футболимизни намойиш этишга интиламиз.
— Жамоангизнинг турнир жадвалидаги ҳозирги ўрни унинг асл салоҳиятини тўлиқ акс эттирмайди. Шунга қарамай, эртанги мағлубият кейинги босқич имкониятларини йўққа чиқаради. Бу борадаги фикрингиз қандай?
— Биз ушбу мусобақада бешта учрашув ўтказдик. «Ал Аҳли» ва «Ал Ҳилол» каби кучли жамоаларга қарши майдонга тушдик. Ўйлайманки, бу баҳсларни кўргансизлар — биз уларга муносиб қаршилик кўрсата олдик. «Ал Иттиҳод» ҳам айнан шундай кучли жамоалар қаторига киради. Эртага уларга қарши ҳам бор кучимиз билан ўйнаймиз. Ушбу беллашув биз учун сўнгги имконият эканини яхши тушуниб турибмиз. Жамоамиз бу учрашувга тўлиқ таркибда келмади. Шунга қарамай, эртага айрим ёш футболчиларга ҳам имконият берамиз. Ўзбекистонда футбол мавсуми якунланган, ушбу баҳс эса биз учун 2025 йилдаги сўнгги ўйин бўлади. Шу сабаб барча эътиборимизни айнан ушбу учрашувга қаратганмиз.
— Сиз тўлиқ таркибда келмаганингизни айтдингиз. Эртанги учрашув жамоа учун сўнгги имконият эканини ҳисобга олиб, кучли рақибга қарши ёшлар билан қандай ўйнашни режалаштиряпсиз?
— Ёш футболчилар дегани — уларнинг барчаси майдонга тушади, дегани эмас. Жамоамизда асосий таркиб мавжуд. Қайдномага киритилган ёш ўйинчилардан айримларига имконият беришимиз мумкин. Бу улар учун катта тажриба ва муҳим сабоқ бўлади.
Зафармурод Абдураҳматов:
— Ассалому алайкум. Ўйлайманки, эртанги учрашув қизиқарли кечади. Биз бу баҳсга жиддий тайёргарлик кўрдик. Эртага ҳар икки жамоага омад тилайман.
«Ал Иттиҳод» — «Насаф» ўйини 23 декабр куни Тошкент вақти билан соат 23:15 да бошланади. Ўзбекистон клуби ўтган 5 та турда очко ололмади ва 12 жамоа орасида сўнгги ўринни эгаллаб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.