
"Реал Мадрид" ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Эндрик яқин орада "Лион" футболчисига айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда ишончли манба сифатида танилган журналист Фабрицио Романо хабар берди.
Маълумотларга кўра, келишув ижара асосида тузилган бўлиб, шартномага сотиб олиш банди киритилмаган. Шу билан бирга, форвард маошининг 50 фоизи “Лион” томонидан қоплаб берилади. Бу қарор ҳар икки томон учун ҳам мантиқий қадам сифатида баҳоланмоқда: францияликлар ҳужум чизиғини кучайтиради, мадридликлар эса ёш истеъдодга доимий ўйин амалиёти яратиб беради.
Шартларга кўра, Эндрик мавсум охирида, ёзда яна “қироллик клуби” сафига қайтиб қўшилади. Бу эса “Реал Мадрид” раҳбариятининг унга бўлган ишончи сақланиб қолаётганини кўрсатади. Клуб ёш ҳужумчини узоқ муддатли лойиҳа сифатида кўраётгани яширин эмас.

Маълумот учун, 19 ёшли форвард жорий мавсумда “Реал Мадрид” таркибида асосан захирадан ўйинга қўшилиб, бор-йўғи 3 та учрашувда майдонга тушишга улгурди. Ўйин вақти камлиги сабаб, ижара варианти унинг ривожи учун энг тўғри ечим сифатида қаралмоқда.
Мутахассислар фикрича, Франция чемпионати Эндрик учун жисмоний ва тактик жиҳатдан ўсишга мос муҳит яратади. Агар у “Лион”да ўзини кўрсата олса, ёзда Мадридга янада тайёр ва ишончли футболчи сифатида қайтиши эҳтимоли юқори.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.