
Майамида бўлиб ўтган нуфузли «Месси кубоги» турнирида «Ривер Плейт» жамоаси жуда ишончли ва барқарор ўйин намойиш этди. Бироқ мусобақанинг энг ёрқин қаҳрамони сифатида 15 ёшли ҳужумчи Бруно Кабрал алоҳида ажралиб чиқди. Ёш истеъдод бешта ўйинда еттита гол уриб, турнирни энг яхши тўпурар сифатида якунлади ва бутун эътиборни ўзига қаратди.
Кабралнинг самарали ўйини «Ривер Плейт»ни яна халқаро футбол муҳокамалари марказига олиб чиқди. Ёш ҳужумчининг ҳаракатчанлиги, майдонни ҳис этиши ва гол сезгиси мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. У «Месси кубоги»да нафақат жамоасига ғалабалар олиб келди, балки 2025 йилгача бўлган ёшлар футболида энг истиқболли номлардан бири сифатида ўз мақомини мустаҳкамлади.
Маълумотларга кўра, Бруно Кабрал жорий мавсумни миллий чемпионатлар, халқаро мусобақалар ва ёшлар терма жамоаларида жами 50 та гол билан якунлаган. Бу рақамлар унинг барқарор ўсишини ва катта футболга тайёрланаётганини яққол кўрсатади.
2024 йилда у «Ривер Плейт» ёшлар жамоалари сафида 26 та гол уриб, ўз ёш тоифасида чемпион бўлган жамоанинг энг яхши тўпурарига айланган эди. Ҳақиқий сакраш эса 2025 йилда кузатилди: саккизинчи дивизионда 34 та гол уриб, Аргентина 15 ёшгача бўлган терма жамоасининг асосий юлдузига айланди ва Жанубий Америка чемпионатида 10 та гол муаллифи бўлди.
Ёш ҳужумчининг бундай натижалари Европада ҳам бефарқ қолмади. Flashscore маълумотларига кўра, Дортмунднинг «Боруссия», Леверкузеннинг «Байер» ҳамда Англиянинг «Сандерленд» клублари аллақачон Бруно Кабрални яқиндан кузатиб, унинг ривожланишини диққат билан таҳлил қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар у шу суръатда меҳнат қилишда давом этса, яқин йилларда Европанинг топ-лигаларидан бирига йўл олиши эҳтимолдан холи эмас. «Ривер Плейт» эса яна бир улкан юлдузни катта футболга тақдим этиш арафасида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.