
«Ал-Аҳли» — «Андижон» (2:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Юнус Али ҳамда баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилган Мишел Влап иштирок этиб, ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Юнус Алининг таъкидлашича, баҳс натижасига қарамай, майдонда осон ғалаба бўлмаган:
— Аввало, барчангизга раҳмат. Менимча, бу жуда оғир ва муросасиз ўйин бўлди. Биз кучли рақибга қарши майдонга тушдик. «Андижон» интизомли ва жипс ҳаракат қилди. Ўйин олдидан футболчиларимга рақибга имконият қолдирмасликни тайинлаган эдим. Буни бажариш осон эмасди, аммо жамоа вазифани уддалай олди, деб ўйлайман. Биз ўз ўйинимизни намойиш этдик, кўплаб голли вазиятлар яратдик. Ростини айтсам, натижа янада йирик бўлиши ҳам мумкин эди. Энг муҳими — ғалаба ва қўлга киритилган 3 очко, — деди устоз.
Учрашувнинг қаҳрамони сифатида эътироф этилган Мишел Влап ҳам жамоавий ҳаракатни алоҳида таъкидлади:
— Менимча, биз ўйинни тўғри режа асосида ташкил этдик. Тўп билан ишлашда ҳам жуда ишончли кўриндик. Майдонга тушар эканмиз, ягона мақсадимиз ғалаба эди. Шу билан бирга, яхши ўйин кўрсатиш ҳам муҳим эди ва жамоада бунга ҳамма тайёр эди. Бугун иккита гол урдим, ҳатто учта бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо баъзан имкониятлардан фойдаланиб қолиш қийин бўлади. Бироз чарчоқ бор эди, шунга қарамай, бу учрашув мен учун жуда ёқимли бўлди. Энг асосийси — жамоам ғалаба қозонди ва биз 3 очкони қўлга киритдик, — деди Влап.
Шу тариқа, "Ал-Аҳли" ушбу ғалаба орқали мавқеини мустаҳкамлаб 10 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Жамоа нафақат натижа, балки майдондаги ишончли ва жипс ўйини билан ҳам мухлисларини хурсанд қилди. «Андижон» эса мағлубиятга учраб, 5 очко билан гуруҳда охирги ўринда қолди. Нуфузи бўйича Осиёда иккинчи ўринда турадиган мусобақанинг "B" гуруҳида "Ал-Аҳли" (10 очко) ва "Аркадағ" (7 очко) кейинги босқичга чиқишни уддалади.

Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.