date

Сеҳрли тумор фожиаси: Бурунди футболчиси майдонда ҳалок бўлди

Сеҳрли тумор фожиаси: Бурунди футболчиси майдонда ҳалок бўлди

Бурунди футбол жамоатчилигини ларзага солган оғир ва қайғули воқеа содир бўлди. Мамлакат футбол федерацияси "Ле Гепард дю Лак" жамоаси яримҳимоячиси Игиранеза Эме Герик вафот этганини расман тасдиқлади.

Маълум қилинишича, фожиа мамлакатнинг иккинчи дивизионида "Амаспири Невер Гив Ап" жамоасига қарши учрашув вақтида юз берган. Беллашув давомида футболчи тўсатдан майдонга қулаган. Шифокорлар зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатишга уринган, аммо барча ҳаракатларга қарамай, Герик шифохонага олиб кетилаётган пайтда ҳаётдан кўз юмган. Федерация ҳозирча ўлимнинг аниқ сабабларини очиқламаган.

Бироқ маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида турли тахминлар пайдо бўлди. Sports News Africa нашрининг хабар беришича, футболчи оғзида танга олиб юрган ва тасодифан уни ютиб юборган. Бу эса нафас йўлларида жиддий асоратларга олиб келган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, African Public Radio бошқача маълумотни илгари сурди. Уларнинг ёзишича, Герик оғзида оддий танга эмас, балки Африкада кенг тарқалган сеҳр-жоду ва ирим-сирим маросимларида ишлатиладиган гри-гри туморини олиб юрган. Айни шу тумор тасодифан ютиб юборилгани фожиали оқибатга сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ушбу воқеа Бурунди футболида ва умуман Африка спорт муҳитида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим ҳудудларда спортчиларнинг ирим-сиримларга ишониши, турли тумор ва белгиларни ўзлари билан олиб юриши ҳали ҳам учраб туради. Мутаҳассислар эса бундай ҳолатлар хавфли эканини, айниқса профессионал спортда соғлиқ ва хавфсизлик биринчи ўринда бўлиши кераклигини таъкидламоқда.

Марҳум Игиранеза Эме Герик футбол мухлислари ёдида майдонда жонкуярлик билан ҳаракат қилган, жамоаси учун бор кучини берган футболчи сифатида қолади. Бу фожеа эса спорт оламига яна бир бор ҳаётнинг нақадар нозик эканини эслатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Сеҳрли тумор фожиаси: Бурунди футболчиси майдонда ҳалок бўлди