
2031 йилги Осиё Кубогини қабул қилиш масаласи атрофидаги интрига тобора кучаймоқда. Бирлашган Араб Амирликлари турнир мезбонлигидан расман воз кечгач, мусобақани ўз ҳудудида ўтказиш истагини билдирган давлатлар сони янада кўпайди. Айни пайтда Индонезия, Австралия ва Жанубий Корея якка ҳолда даъвогар сифатида майдонга чиққан. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон турнирни қўшма тарзда қабул қилиш бўйича ОФКга расмий ариза топширди.
Мазкур номзодларнинг имкониятларини таниқли футбол таҳлилчиси Алишер Никимбаев баҳолаб чиқди. Унинг фикрича, ҳозирча Марказий Осиё минтақаси асосий фаворит сифатида кўрилмайди. Эксперт айтишича, ОФК томонидан қўйиладиган айрим инфратузилмавий ва ташкилий талаблар Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон томонидан тўлиқ бажарилмаган.
Никимбаевнинг таъкидлашича, бу омиллар сабабли энг кучли номзод сифатида Жанубий Корея кўзга ташланади. Бироқ у ерда ҳам муаммолар йўқ эмас. Мамлакатдаги кўплаб стадионлар 2002 йилги Жаҳон чемпионати учун барпо этилган бўлиб, орадан йиллар ўтиши билан ОФК стандартлари янгиланган. Бугунги кунда ушбу ареналарнинг аксарияти замонавий талабларга жавоб бермайди ва уларни реконструкция қилиш катта сармоя талаб қилади.
Иккинчи эҳтимолий вариант сифатида эксперт Қувайтни ҳам тилга олди. Аммо у ердаги стадионлар ҳолати ҳам идеал эмас. Шу билан бирга, мезбонлик масаласида фақат спорт инфратузилмаси эмас, балки сиёсий омиллар ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Кўп ҳолларда мусобақага ким кўпроқ эҳтиёж сезса, ўша давлат ғалаба қозониши мумкин.
Никимбаев шахсий нуқтаи назаридан келиб чиқиб, турнирни Кореяда ўтказишни маъқул деб ҳисоблайди. Унингча, сўнгги йилларда йирик мусобақалар асосан Араб давлатлари ва Ғарбий Осиёда ташкил этилган. Шу сабабли Осиёнинг шарқий қисмига ҳам имконият бериш адолатли бўлар эди. Индонезия ҳам даъвогарлар қаторида тилга олинса-да, ОФК учун Корея варианти устунроқ ҳисобланмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2031 йилги Осиё Кубоги мезбони бўйича якуний қарор 2026 йилда бўлиб ўтадиган ОФК Конгрессида расман эълон қилинади. Шу вақтгача эса кураш янада қизғин тус олиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.