
Украина футбол ассоциациясининг (УФА) собиқ раҳбари Андрей Павелко мамлакат ҳудудини тарк этганидан сўнг расман қидирувга берилди. Киев шаҳри Ички ишлар вазирлиги 25 декабрь, пайшанба куни кечқурун уни терговдан қочиб юрган шахслар рўйхатига киритган.
ИИВ тарқатган маълумотларга кўра, Павелконинг “йўқолган сана”си сифатида 2025 йил 5 ноябрь қайд этилган. Тергов органлари унга Украина Жиноят кодексининг 191-моддаси 5-қисми — хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мулкни ўзлаштириш ёки исроф қилиш, шунингдек 366-модда 1-қисми — хизмат ҳужжатларини сохталаштириш бўйича айблов қўймоқда.
Маълумот учун, Андрей Павелко 2015 йил март ойидан 2024 йил январ ойигача аввал Украина футбол федерацияси, кейин эса у қайта номланганидан сўнг Украина футбол ассоциациясига раҳбарлик қилган. Унинг раҳбарлик даври мамлакат футболи учун энг мураккаб йилларга тўғри келган.
Украинада уруш бошланганидан кейин, аниқроғи 2022 йил ноябридан буён Павелко футбол майдонлари учун сунъий қоплама ишлаб чиқарадиган завод қурилиши билан боғлиқ жиноят ишида асосий фигурантлардан бири сифатида тилга олиниб келинмоқда. Тергов версиясига кўра, мазкур лойиҳа доирасида катта миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, УФА мансабдор шахслари ускуналар харид қилиш жараёнида 26,5 миллион гривна, яъни тахминан 600 минг еврога тенг маблағни ўзлаштирган. Бу иш доирасида футбол ассоциациясининг собиқ бош котиби Юрий Записоцкийга нисбатан ҳам айбловлар қўйилган.
Қайд этилишича, Андрей Павелко 2023 йил июн ойидан 2024 йил феврал ойигача қамоқда сақланган. Аммо тергов изоляторидан озод этилгандан сўнг у Украина ҳудудини тарк этишга муваффақ бўлган. Ҳозирча у мамлакатни қандай тарзда тарк этгани ва айни дамда қаерда экани ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Қисқаси, Украина футболини узоқ йиллар бошқарган шахс атрофидаги можаро янги босқичга чиқди. Энди бу ишнинг қандай якун топиши ва Павелко қачон топилиши мамлакат жамоатчилиги диққат марказида бўлиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.