
2025 йилги рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионати шоҳмат мухлислари учун унутилмас драмалар ва юқори даражадаги курашларга бой бўлди. Мусобақанинг асосий қаҳрамони эса яна бир бор Магнус Карлсен бўлди. Норвегиялик гроссмейстер ўзининг иродаси, тажрибаси ва совуққонлиги билан рапид шоҳматда мутлақ устун эканини исботлади.
Турнир давомида Карлсен учун ҳамма нарса ҳам силлиқ кечмади. У Владислав Артемьевдан мағлубият қабул қилди ва бу натижа кўплаб спортчиларни руҳан синдириб қўйиши мумкин эди. Аммо Магнус учун бу фақат сигнал бўлди. У шу мағлубиятдан кейин ўзини қўлга олди ва кетма-кет бешта партияда ғалаба қозониб, рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Сўнгги турда Аниш Гири билан дуранг натижани қайд этган Карлсен умумий ҳисобда мусобақани биринчи ўринда якунлади. Натижада у рапид бўйича жаҳон чемпионлиги унвонини олтинчи бор қўлга киритди. Бу кўрсаткич уни замонавий шоҳмат тарихидаги энг барқарор ва кучли чемпионлардан бири сифатида янада мустаҳкамлади.
Аёллар ўртасидаги рапид баҳслари ҳам ниҳоятда кескин кечди. Чемпионлик учун асосий кураш Александра Горячкина, Хампи Конеру ҳамда Чжу Цзиньер ўртасида кечди. Асосий масофа якунларига кўра, бу уч шахматчи бир хил очко жамғариб, биринчи ўринни бўлишиб олди.
Мусобақа регламентига мувофиқ, чемпионлик тақдири тай-брейкда ҳал этилди. Қўшимча партияларда Александра Горячкина ва Чжу Цзиньер ўзаро тўқнаш келди. Тай-брейкнинг биринчи партиясида Горячкина ишончли ғалабага эришди, иккинчи баҳс эса дуранг билан якунланди. Шу тариқа, Александра рапид бўйича жаҳон чемпиони деган юксак унвонни қўлга киритди.
Шоҳмат байрами эса шу билан тўхтаб қолмайди. 29–30 декабрь кунлари блиц бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Энди барча эътибор янада тезкор, хатога жой қолдирмайдиган блиц баҳсларига қаратилган. Карлсен ўз ғалабали юришини давом эттира оладими ёки янги чемпионлар пайдо бўладими — жавобни яқин кунларда билиб оламиз.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.