
2026 йилнинг илк учрашуви «Ал-Наср» учун омадсиз якунланди: Жидда шаҳрида мезбон «Ал-Аҳли» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва пойтахт клуби чемпионатдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Учрашувда «Ал-Наср»ни марказий ҳимоячи Абдулилаҳ Ал-Амри асосан қутқариб қолди, ҳужум чизиғида эса Криштиану Роналду ва шериклари кутилган даражада ўйин кўрсата олмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйиннинг дастлабки 20 дақиқасида «Ал-Аҳли» тезкор босим билан натижа чиқарди: Айвен Тони 7 ва 20-дақиқаларда кетма-кет гол уриб, мезбонларни олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг «Ал-Наср»ни ҳимоячи Ал-Амри ўзга келтди: у 31 ва 44-дақиқаларда икки бор аниқ зарба бериб, танаффусгача ҳисобни 2:2 га тенглаштирди.
Аммо иккинчи бўлим бошида «Ал-Аҳли» яна устунликни қайтариб олди: 55-дақиқада Мерих Демирал стандарт вазиятдан боши билан аниқ зарба йўллаб, учрашув тақдирини ҳал қилди — 3:2.
Меҳмонлар қанотларда жуда кўп хатога йўл қўйди. Саид Ал-Нассер, Султон Ал-Ганам, Наваф Ал-Бушайл ва Айман Яҳё энг паст баҳоланган футболчилар қаторидан жой олди: биринчи таймда «Ал-Наср»нинг фланглари жуда осон ёрилди. Танаффусда Жорже Жезуш икки қанотни янгилади, бироқ муаммо барибир ечилмади: Яҳё кўп узатмаларини манзилга етказа олмади, Ал-Бушайл эса учинчи голда Тонини назоратдан чиқариб юборди ва учрашув охирида асабий вазиятда ўзини майдондан четлатиб қўйди.
Иниго Мартинес ҳам ишончсиз кўринди. У стандарт вазият олдидан қоидабузарлик қилиб жарима зарбасини “совға қилди”, айнан ўша эпизоддан кейин «Ал-Аҳли» ғалаба голини урди. Демиралнинг ҳал қилувчи зарбасида ҳам Мартинес позицияни бой берди.
Роналду эса учрашувнинг энг кўп танқид қилинган қаҳрамонига айланди. Стандартларда у тўлиқ ишламади, бир эпизодда эса қўл кўтариб тўп майдондон чиққанини ишора қилди, ҳолбуки ўйин давом этган эди. Энг ёмони, ҳужумда ҳам Криштиану ўз даражасида бўлмади: тўпни қабул қилишда қўпол хатолар қилди, тўрт бор зарба берди ва барчаси нишондан четга кетди. «Ал-Наср» янги йилни саволлар билан бошлади — бу фақат бир марталик суст ўйинми ёки янги салбий сериями.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.