Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг Осиёдаги энг яхши ёш футболчиси деб топилди

Goalpost талқинига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Англиянинг “Манчестер Сити” клуби марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг Осиёдаги энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
21 ёшли футболчи учун ўтган йил тарихий бўлди: январда у “Манчестер Сити” сафига қўшилиб, Англия Премьер-лигасида ўйнаган илк ўзбекистонлик футболчига айланди. Июнь ойида эса Ҳусанов терма жамоа билан бирга Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишида муҳим ҳисса қўшди.
Жорий мавсумда ҳимоячи “шаҳарликлар” сафида тўққиз учрашувда майдонга тушди. Goalpost овоз беришида у Абос Файзуллаев (“Истанбул Башакшеҳир”, Ўзбекистон), Нестори Иранкунда (“Уотфорд”, Австралия), Марселино Фердинан (“Оксфорд Юнайтед”, Индонезия), Ли Ҳана Бом (“Мидтьулланд”, Корея), Али Жасим (“Комо” / “Ал-Нажма”, Ироқ) ҳамда Япония, Корея ва Австралиядан бошқа ёш номзодларни ортда қолдирди.
Шунингдек, The Athletic рейтингида Ҳусанов дунёнинг энг кучли 100 футболчиси рўйхатида 86-ўринни эгаллади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!