Гласнернинг 1000 бетли таҳлили: «Манчестер Юнайтед»да янги устоз ким?

Англия футболи атрофида яна бир қизиқ миш-миш “портлади”. «Кристал Пэлас» бош мураббийи Оливер Гласнер «Манчестер Юнайтед»нинг жорий мавсумдаги тактикасига бағишлаб 1000 бетлик батафсил ҳисобот тайёрлагани ҳақида хабар тарқалди. Indykaila саҳифасига кўра, мутахассис келажакда клуб билан суҳбат бўлиши эҳтимолини ҳисобга олиб, олдиндан жиддий тайёргарлик кўрган.
Бу хабарнинг айни пайтда оммалашиши ҳам бекорга эмас. Чунки 5 январ куни «Манчестер Юнайтед» Рубен Аморим билан шартномани бекор қилганини расман эълон қилди. Табиийки, шундан кейин бўшаган лавозим учун номзодлар рўйхати бир зумда узайиб кетди — ва Гласнернинг исми ҳам энг кўп тилга олинаётган вариантлардан бирига айланди.
Гласнер ҳақида гап кетганда, унинг тайёргарликка жиддий ёндашуви кўпчиликни ҳайратга солмайди. Тактика, рақибнинг кучли-кучсиз томонлари, ўйин модели — буларни “майда-чўйда” деб қарамайдиган мураббийлар одатда катта клублар эшигини қоқади. 1000 бетлик таҳлил эса шунчаки “резюме” эмас, бу — “мен ишга тайёрман” деган катта сигналга ўхшайди.
Шу билан бирга, «Юнайтед» фақат Гласнер билан чекланиб қолмаяпти. Манбаларга кўра, Томас Тухел ва Роберто Де Зерби ҳам ёзгача кутиш вариантида асосий номзодлар қаторида кўрилмоқда. Яъни клуб тезкор қарор қиладими ёки “узоқ муддатли лойиҳа” учун сабр қиладими — ҳали очиқ.
Эҳтимолий вариантлар ичида «Ипсвич» устози Киран Маккеннанинг номи ҳам бор. Шунингдек, яқинда «Челси»дан бўшаган Энцо Мареска ҳам номзодлар рўйхатидан ўрин олгани айтилмоқда.
Қисқаси, «Олд Траффорд»да навбатдаги катта қарор олдинда. Гласнернинг 1000 бетлик “қуроли” уни ҳақиқатан ҳам олдинга олиб чиқадими ёки бу шунчаки ажойиб пиар тўлқинми — жавобини яқин ҳафталар кўрсатади. Аммо битта нарса аниқ: «Юнайтед» курсиси яна “иссиқ” — ва бу сафар рақобат жуда қаттиқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!