Интернетда Роналдунинг ғалати ишораси қизғин муҳокамада

Душанба куни “Ан-Наср” сафарда “Ал-Ҳилол”га қарши ҳисобни очди, бироқ учрашув якунида 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Биринчи бўлимда гол урган Криштиану Роналду 83-дақиқада алмаштирилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ҳисоб 1:2 бўлиб турган пайтда майдонни тарк этаётган юлдуз ҳужумчи кайфияти тушганини яширмади: у сардорлик боғичини жамоадошига узатар экан, кинояли тарзда жилмайди. “Ал-Ҳилол” пенальти орқали учинчи голни ургач эса Роналду захира ўриндиғида камерага қараб бармоқларини қимирлатиб, ижтимоий тармоқларда баҳсга сабаб бўлган ишорани кўрсатди. Мухлислар бу ҳаракатни ҳакамликдан норозиликка ишора сифатида талқин қилмоқда.
Учрашувда “Ан-Наср” икки бор пенальтидан гол ўтказиб юборди, 1:1 ҳисобида эса бир футболчиси четлатилиб, камчиликда қолди. Ушбу мағлубиятдан сўнг “Ан-Наср” пешқадам “Ал-Ҳилол”дан 7 очкога ортда қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!