Саудия Арабистони лигаси Роналдудан кейинги юлдузларни танлаяпти

Саудия Арабистони чемпионати яна катта “ов”га чиқяпти. Бу гал гап фақат 1-2 та машҳур футболчи ҳақида эмас — Европада тўп сураётган деярли 50 нафар юлдуз ўйинчи номзодлар рўйхатида кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.
TalkSport’га яқин манбалар ва инсайдер Бен Жейкобс маълумотларига кўра, асосий нишонлар орасида Муҳаммад Салоҳ, Бруну Фернандеш, Винисиус, Роберт Левандовски ва Каземиро каби катта номлар бор. Яъни, Саудия лигаси “тренд” учун эмас — ҳақиқий супер-брендлар учун келишяпти.
Бу режанинг ортида ҳам аниқ мантиқ бор. Саудияликлар 2027 йилда Криштиану Роналдунинг кетиши (ёки фаолиятини якунлаши) фонида лига атрофидаги қизиқиш пасайиб кетмаслигини хоҳлаяпти. Қисқаси, Роналду кетса ҳам, стадионлар ва эфирлар “сукунат режими”га тушиб қолмаслиги керак.
Шу билан бирга, яна бир қизиқ вариант ҳам муҳокамада экани айтиляпти: Криштиануни “Ан-Наср”даги улушини ошириш орқали клубнинг ҳаммуассиси сифатида фаолроқ жалб қилиш. Яъни, майдондаги Роналду камайса, кабинетдаги Роналду кўпайиши мумкин — брендни сақлаб қолишнинг “профессионал лайфхак”и, десак ҳам бўлади.
Хулоса битта: Саудия лигаси кейинги даврга жиддий тайёргарлик кўряпти. Энди савол шунчаки — қайси юлдузлар бу чақирувга “ҳа” деб жавоб беради? Мухлислар учун эса интрига тайёр: ёзги трансфер ойнаси бу йил одатдагидан ҳам қизиқ бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!