Горецка «Бавария»дан кетиши мумкинлигини инкор этмади

«Бавария» ярим ҳимоячиси Леон Горецка Мюнхен клуби билан боғлиқ келажаги ҳақида тарқалган гап-сўзларга муносабат билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Футболчининг айтишича, вазият қулай бўлса, у жамоада қолишни истайди: Мюнхен шаҳри унга ёқади ва у бу ерда ўзини эркин ҳис қилади.
Шу билан бирга, Горецка клубини ўзгартириш эҳтимоли ҳам борлигини тан олди. Унинг фикрича, фаолияти давомида чет элда ўйнаб кўриш ғояси жуда қизиқарли: у бундай вариантни аввал ҳам икки марта кўриб чиққан, бироқ ўшанда атайлаб рад этган. Германиядан ташқарига чиқиш эса шахсий ривожланиш учун ҳам муҳим қадам бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, оммавий ахборот воситаларида Леон Горецканинг Мадриднинг «Атлетико» клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар юрибди. «Матрасчилар» уни «Тоттенҳэм»га кетган Конор Галлахерни алмаштириш учун асосий номзодлардан бири сифатида кўрмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!