Tata Steel Chess 2026. Нодирбек Абдусатторов пешқадамликни сақламоқда

Вейк-ан-Зее шаҳрида Tata Steel Chess 2026 мусобақаси қизғин давом этяпти. Кеча турнирнинг 12-тур баҳслари якунланди ва бу тур Ўзбекистон мухлислари учун анча ёқимли кайфиятда ўтди.
12-турда Нодирбек Абдусатторов Матияс Блуэбаумга қарши партияда ғалаба қозониб, пешқадамликни янада мустаҳкамлади. Жавоҳир Синдаров эса Прагнанандҳаа Рамешбабу билан дуранг ўйнади — бир қарашда “оддий” натижа, аммо жадвал учун жуда қиммат очко.
Мастерс гуруҳидаги жорий ҳолат
Жадвалдаги маълумотларга кўра, Masters гуруҳида турнир жадвали ҳозир қуйидагича кўриниш олган:
1. Нодирбек Абдусатторов — 8 очко
2. Жавоҳир Синдаров — 7,5 очко
3. Жорден ван Форест — 7 очко
4. Ҳанс Ниманн — 7 очко
5. Винсент Кеймер — 7 очко
6. Матияс Блуэбаум — 6,5 очко
7. Яғиз Каан Эрдогмуш — 6,5 очко
8. Аниш Гири — 6 очко
9. Гукеш Доммаражу — 6 очко
10. Владимир Федосеев — 5,5 очко
11. Прагнанандҳаа R — 5 очко
12. Аравиндҳ Читҳамбарам — 4,5 очко
13. Аржун Эригаиси — 4,5 очко
14. Тай Дай Ван Нгуйен — 3 очко

Эътиборлиси, Жавоҳир Синдаров ҳалигача мағлубият нималигини билмади: 3 ғалаба ва 9 дуранг. Яъни у турнирдаги энг “стабил” ўйинчилардан бири бўлиб турибди — бу эса финал босқичга келганда олтиндан қиммат хусусият.
Энди ҳал қилувчи тур
Мусобақанинг сўнгги 13-тур баҳслари бугун, 1 феврал куни Тошкент вақти билан 16:15 да старт олади. Интрига эса оддий: Абдусатторов пешқадам, аммо орқадан таъқиб ҳам жуда зич. Демак, ҳар бир очко — чемпионликка бир қадам.
Аввалроқ Нодирбек Абдусатторовнинг жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритгани ҳақида маълум қилинганди. Энди эса ўша кайфиятни турнирнинг энг охирги кунигача олиб бориш қолди — мухлислар учун эса бугунги баҳслар “стресс + завқ”нинг классикаси бўлади.