Роналду ўрнига Салоҳми? Саудия лигаси унга 3 баравар кўп маош бермоқчи

Саудия Арабистони Профессионал лигаси трансфер бозорида яна бир катта “портлаш” тайёрлаяпти. Манбага кўра, саудияликлар “Ливерпуль”нинг энг самарали ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни олиб келиш учун унга ҳозирги маошидан уч баравар юқори маош беришга ҳам тайёр.
Бундай шов-шувли режаларнинг ортида бир катта хавотир бор: айни пайтда лиганинг асосий “магнити” — Криштиану Роналду кетиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар кучайиб кетди. Саудияликлар эса бу сценарий амалга ошса, чемпионатнинг глобал қизиқишини пасайтириб қўймаслик учун янги суперюлдузни олиб киришга ҳаракат қилмоқда.
Роналду атрофидаги вазият нима учун хавфли?
Маълумотларга қараганда, “Ан-Наср”да ҳафтасига 3,35 миллион фунт стерлинг атрофида даромад қилаётган Роналду лига ва клубдаги трансфер сиёсатига нисбатан норозилигини очиқроқ билдира бошлаган. 41 ёшли португалиялик юлдуз фаолиятидаги “1000 гол” маррасига етиш учун Европа томон қайтиш вариантини ҳам кўриб чиқиши мумкин, деган хавотирлар бор. Саудияда эса “Роналду кетса, шоу ким билан давом этади?” деган савол ҳавода илиниб қолган.
Шу нуқтада Салоҳ варианти янада “иссиқ” кўрина бошлади. Чунки мисрлик юлдуз — ҳам бренд, ҳам гол, ҳам реклама, ҳам мухлис. Қисқаси, лига учун тайёр пакет.
Салоҳга қанча пул таклиф қилишяпти?
Ҳозир “Ливерпуль”да Салоҳ ҳафтасига 400 минг фунт стерлинг маош олади. Саудияликлар эса 33 ёшли ҳужумчига бу рақамдан уч баравар кўпроқ, яъни ҳафтасига тахминан 1,2 миллион фунт атрофида маош беришга тайёр. Бу ҳақда Daily Mirror эксклюзив материалда ёзган.
Яна бир муҳим жиҳат: мавсум тугагач, Салоҳ шартномасининг якунланишига 12 ой қолади. Демак, вақт ўтиб кетса, “Ливерпуль” уни ё текинга йўқотиш ёки ҳозир пуллаб қолиш деган қаттиқ қарорга боришига тўғри келиши мумкин.
Нега Саудия Салоҳни “умид” деб кўраяпти?
Аввалроқ Муҳаммад Салоҳ саудияликлар томонидан келган таклифларни бир неча бор рад этгани айтилган. Лекин жорий мавсумда унинг ўйинида маълум бир пасайиш кузатилгани, шунингдек, “Ливерпуль” бош мураббийи Арне Слот билан муносабатларида можаро ҳақидаги миш-мишлар “шейхлар”да умид уйғотмоқда: яъни бу гал қарор бошқача бўлиши мумкин.
Албатта, бу ерда ҳали ҳам кўп нарса ноаниқ: Салоҳнинг шахсий режалари, “Ливерпуль”нинг позицияси ва энг муҳими — Роналдунинг кейинги қадами. Аммо битта нарса аниқ: Саудия лигаси ҳозир “юлдузлар йўқолиб кетмасин” деган режимда ҳаракат қиляпти.
Мухлислар учун эса ҳозирги интрига шундай: Роналду кетадими-йўқми, Салоҳ келадими-йўқми — лекин пул деган “трансфер тили”да Саудия ҳали ҳам энг баланд овозда гапиради.